ЎзА Ўзбек

06.02.2015 18:14 Болалар спорти

Чемпион ёшлар маскани

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилаётган доимий эътибор ўғил-қизлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт оммалашиб бораётганида, юртимизнинг барча ҳудудидаги олимпия захиралари коллежлари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар фаолиятида яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида” ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳа ривожида дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Илгари шаҳарларда ҳам саноқли бўлган спорт иншоотларида мураббийлар етишмовчилиги, анжомлар танқислиги доимий муаммо эди. Қишлоқларда шароит йўқлиги боис қанча-қанча истеъдодлар кашф этилмай сўнарди.

Президентимизнинг соҳага қаратаётган эътибори туфайли фарзандларимиз энг замонавий спорт мажмуаларида шуғулланмоқда. Бугун ота-оналарнинг ўзлари фарзандларини соғлом инсонлар этиб вояга етказиш орзусида спорт мактабларига етаклаб келмоқда.

Буни пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 43-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолиятида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур спорт мактаби 2008 йилда болалар спорт мажмуаси сифатида фаолиятини бошлаган. 2013 йилда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мақомини олгач, муассасадаги тўгараклар фаолияти янада такомиллашди, унга қатновчилар сафи кенгайди.

– Тарбияланувчиларимиз орасида истеъдодлилари жуда кўп, – дейди спорт мактаби директори Асқар Абдураимов. – Мажмуада кун давомида қатъий жадвал асосида машғулотлар ўтказилади. Асосийси, мактабимизда болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаши, иқтидор ва маҳоратини юзага чиқаришига алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу муассасада тарбияланувчилар спорт-соғломлаштириш, бошланғич тайёргарлик ҳамда ўқув-машғулот гуруҳларида маҳоратини оширмоқда. Машқлар ўқувчиларнинг бўш вақтига қараб, белгиланган ўқув дастури асосида олиб борилаётир. Ёпиқ зал, иккита теннис корти, мини-футбол ва футбол майдонлари – болалар ихтиёрида.

Бу ерда тўрт юз нафардан зиёд ўғил-қиз тажрибали мураббийлар кўмагида бадиий гимнастика, таэквондо (WTF), футбол, стол тенниси, енгил атлетика, камондан ўқ отиш каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Тарбияланувчиларнинг бир юз саксон нафари қизлардир.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги футбол тўгараги аъзоларининг маҳоратли ўйинларини каттаю кичик севиб томоша қилади.

Қизлар ўртасида спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикага қизиқиш кучли. Мазкур спорт улар учун нафақат жисмоний чиниқиш, балки сарвқоматлик, лобарлик ва гўзаллик асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

– Бадиий гимнастика тўгарагига қизлар тўрт ёшдан қабул қилинади, – дейди мураббия Нигора Фозилова. – Айни вақтда 130 нафар қиз бу спорт тури билан шуғулланмоқда. Яратилган имкониятлардан ёшларимиз унумли фойдаланиб, турли мусобақаларда фахрли ўринларни эгалламоқда.

– Жорий йилда Хоразм вилоятида ўтказиладиган “Умид ниҳоллари – 2015” спорт ўйинларида бадиий гимнастика бўйича Тошкент шаҳри жамоасида қатнашаман, – дейди 280-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳинур Бахтиёрова. – Мураббийларим кўмагида мураккаб композицияларни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман. Мақсадим – келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатларида қатнашиб, Ватанимизга олтин медаллар билан қайтиш.

Дарҳақиқат, мактаб тарбияланувчилари орасида халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар кўп. Таэквондо (WTF) бўйича Валентин Хегай, Гўзал Норбобоева, Баҳодир Аловхонов, камондан ўқ отиш бўйича Зафар Сатторов, Юнус Сармамбетов, Ҳилола Юнусова, бадиий гимнастика бўйича Анжелика Хмельницкая, Алеся Букреева, Маргарита Урмич, Севара Тўхтаева, Юлия Нуштаева каби ёшлар нуфузли турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2014 йилда спортчилар мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда 170 дан зиёд медални қўлга киритгани бунинг далилидир.

Нурилло Насриев, ЎзА