Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.01.2015 19:21 Болалар спорти

Буюк келажагимиз бунёдкорлари

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш аҳолимиз, аввало, ёш авлодимиз соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини инобатга олиб, бу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашнинг муҳим воситаларидан бири сифатида спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, уларни ўзи қизиққан спорт турларига кенг жалб этиш, спорт мажмуаларида барча зарур шароитларни яратишга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ўз самараларини бераётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

2014 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 намунавий спорт объекти ва 73 мактаб спорт зали барпо этилди, 24 объектда қарийб 100 миллиард сўмлик реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Хорижлик мутахассислар, мураббийлар, спортчиларнинг мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, спортчиларимизнинг маҳоратию салоҳияти ҳақидаги фикрлари эътиборга сазовор.

Ўтган йили Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати давомида Хитой терма жамоаси менежери Ксиао Лонг Чен мазкур мусобақа ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Ўзбекистонда спортчилар учун барча шароит яратилгани таҳсинга лойиқ. Мусобақалар бўлиб ўтган спорт мактаби мисолида ҳам юртингизда гимнастика ривожига нечоғлик юксак эътибор қаратилаётганини кўриш мумкин. Кўплаб чемпионатларда қатнашганмиз, шу боис айта оламанки, Тошкентдаги қитъа чемпионатида мусобақани ташкил этишнинг барча жиҳатларига алоҳида эътибор билан ёндашилгани яққол намоён бўлди”.

Ушбу нуфузли мусобақада қатнашган ҳиндистонлик спортчи Адхижит Кумар: “Бу чемпионатда Осиёдаги энг маҳоратли гимнастикачилар курашмоқда. Айниқса, ўзбекистонлик спортчилар орасида иқтидорли йигит ва қизлар кўп экан. Улар билан беллашиш осон бўлмаса керак”, деган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз сўнгги йилларда юксак спорт салоҳиятига эга давлат сифатида бутун дунёга танилмоқда. Халқаро спорт ташкилотлари ҳар қандай нуфузли мусобақа юртимизда юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирмоқда.

2014 йилда мамлакатимизда бадиий ва спорт гимнастикаси, таэквондо, эркин, юнон-рум ва аёллар кураши, дзюдо, теннис каби олимпиадага кирган ўнга яқин спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги мусобақалари юқори савияда ўтказилди.

Халқаро миқёсда спортчиларимизга тан берилмоқда, уларнинг ютуқлари сирини ўрганишга ҳаракат қилинмоқда. Давлатимиз номи, мадҳияси баралла янграб, байроғимиз баланд ҳилпираганда беихтиёр олқишланмоқда.

Агар мамлакатимиз мустақилликка эришмаганида фарзандларимиз учун спорт соҳасида яратилаётган бундай катта имкониятлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида тасаввур қилиш мумкинмиди?!

– Болалигимизда футболга иштиёқимиз баланд эди. Чунки бизнинг шароитимизда футбол, кураш ё шунга ўхшаган спорт зали, жиҳозлар унча талаб қилинмайдиган бир-иккита спорт тури билан шуғулланиш мумкин эди. Бошқасига на имконият, на шароит бор эди, – дейди чимбойлик Арслонбой Бердимуродов. – Қишлоқдошлар билан уй юмушларидан ортган вақтимизни чоғроқ “футбол майдони”да ўтказардик. Ўша пайтлар чекка қишлоқнинг боласи қайси спорт турига қизиқишию иқтидори бор-йўқлиги билан ҳеч ким қизиқмас, ҳатто ўзимизнинг хаёлимизга ҳам келмаганди.

Бу сўзлар бугунги ёшлар учун балки эртакдек туюлар, лекин бу ўша даврда болалиги меҳнатда ўтган минглаб қишлоқ ёшларининг аччиқ қисмати эди. Нафақат қишлоқ, балки шаҳарларда ҳам тузукроқ шароит бўлмагани боис ота-оналар фарзандларининг спорт билан шуғулланишини ортиқча иш, деб билишарди.

Бугунги манзара кишининг ҳавасини уйғотади. Юртимизнинг барча ҳудудида кўркам, замонавий таълим ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Уларда ёшлар учун яратилган имкониятлар, ота-оналарнинг ўғил-қизларини спорт секцияларига етаклаб бораётгани кўзни қувонтиради, бу ерда тарбияланаётган ёшларнинг иштиёқию ғайрати кишини ҳайратга солади.

Айни пайтда Ўзбекистонда икки миллионга яқин ўғил-қиз спортнинг ўттиздан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси янгидан қурилган ва реконструкция қилинган спорт залларига эга. Коллеж ва лицейлар замонавий жиҳозланган спорт заллари билан тўлиқ таъминланган. Ўқув муассасаларидаги жисмоний тарбия дарслари белгиланган жадвал ва меъёрлар асосида ўтказилмоқда. Болалар дарсдан ташқари бўш вақтини асосан спорт мажмуалари, сув ҳавзалари, гимнастика марказларида ўтказмоқда.

Юртимиз спортчилари кўплаб спорт турлари бўйича ўтказилаётган жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришмоқда.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор замирида ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш мақсади мужассамдир. Бугун спортга меҳр қўйиб, соғлом камол топаётган ўғил-қизлар эртага аҳил, мустаҳкам оила қуради, соғлом зурриётни вояга етказади. Бинобарин, соғлом болалар давлатимиз ва халқимизнинг энг катта бойлиги, буюк келажагимиз бунёдкорларидир.

Байрам Айтмуродов, ЎзА