ЎзА Ўзбек

03.05.2016 16:29 Болалар спорти

Буюк давлат пойдевори

“Тинчлик-осойишталик, иқтисодий-ижтимоий тараққиёт, таълим ва ёшлар масаласига эътибор спорт ривожида муҳим аҳамият касб этади, ана шундай муҳит ва шароит туфайли Ўзбекистонда спорт жадал ривожланиб бормоқда”.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг 2015 йилда билдирган бундай юксак эътирофи барчамизга чексиз ифтихор туйғусини бағишлаши, тўлқинлантириши табиий.

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқнинг олий мақсади бўлади. Унга элтувчи йўлларни излайди, режалар тузади. Босқичма-бочқич амалга оширади. Ёшларимизнинг халқаро йирик мусобақаларда Ўзбекистон номини шарафларга буркаши, таъбир жоиз бўлса, мақсадимиз сари элтувчи йўллардан, режалардан бири эди. Биз қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни, дунё тамаддунида алоҳида ўрнимиз борлигини амалда исботлашимиз керак эди. Кўҳна тарих учун икки қош орасидай қисқа муддатда бунинг уддасидан чиқдик. Илгари бизга менсимай қараганлар бугун биздан ўрганмоқда, бизнинг усулларимизни ўзлаштирмоқда. Ютуқларимизни тан олишга мажбур бўлмоқда.

Собиқ тузум даврида бундай юксак эътирофлар у ёқда турсин, тилга тушган спортчилар деярли бўлмаган. Нега? Нима, юртимизда истеъдодлар бўлмаганми?

Шу саволга жавобни кўп изладим. Жавоби оддий экан: ўша пайтларда ҳам истеъдодлар кўп бўлган, фақат уларни юзага чиқариш учун шароит ҳам, имконият ҳам, истак ҳам бўлмаган. Буни ўша даврда спортнинг муайян тури билан шуғулланишни истаган, аммо имконияти, шароити бўлмаган ёшлар (бугун улар улғайган, кексайган) жуда яхши билади. Мана, улардан бирининг дилномаси:

“...Биз яшаб турган колхозда ёшларнинг бўш вақтини кўнгилли ўтказишлари учун шароит етарли эмас. Жисмоний тарбия билан шуғулланиш, спортнинг бирор турига ихлос қўйишга имкон йўқ. Наҳотки, мактабда ҳам спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратишнинг имкони бўлмаса? Мактабдошларимнинг кўпчилиги спортнинг бир қанча турларига қизиқадилар.

Ўзим боксчи бўлишни орзу қиламан. Спортнинг шу тури билан шуғулланиш учун шаҳарга қатнай бошладим. Олис йўл юришга тўғри келди. Бир йилу уч ой қатнаб, бокс ҳадисини ола бошладим. Маҳоратим ҳам ортаётганди. Афсуски, мактабимизда ўқув машғулотлари икки сменали қилиб ташкил этилдию, шаҳарга қатнай олмай қолдим. Боиси, ўқиш 12:45 да бошланади. Бокс машғулотлари эса соат 17 га тайинланган. Шу тариқа аросатда қолдим. Наҳотки колхозимизда, қолаверса мактабимизда спорт тўгараклари ташкил этиб, ёшларнинг бўш вақтини оқилона ташкил этишнинг иложи бўлмаса?!”

“Совет Ўзбекистони” газетасининг 1990 йил 28 февраль сонида “Шароит бўлмагач” сарлавҳаси остида эълон қилинган мазкур мақолада тўрткўллик С.Рўзибоев ўзи сингари ёшларнинг истак ва интилишлари бир-бирига мос келмаётганини куюнчаклик билан баён қилган.

Аслида, мақолада тилга олинган бу муаммо ўша пайтларда республикамизнинг деярли барча ҳудудлари учун хос эди. Катта имкониятлар бой бериларди. Айниқса, қишлоқ жойларда спортни ривожлантиришга панжа орасидан қаралган. Ишларни тизимли ташкил этиш, шароит яратишга етарли маблағ ажратилмаган. Қурилиш объектлари спорт ва маданий дам олиш майдонларисиз фойдаланишга топширилган. Мактабда жисмоний тарбия дарслари номигагина ўтилган. Ўша пайтларда республикадаги мактабларнинг қарийб ярмида алоҳида спорт зали бўлмаган. Чўмилиш ҳавзалари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

Мавжуд спорт иншоотларининг аксарияти талабга жавоб бермаслиги, техника хавфсизлиги таъминланмагани боис улардан деярли фойдаланилмаган. Спорт инвентарлари, кийим-кечаклари савдосига ихтисослашган дўконлар республикада саноқли бўлиб, у ердан зарур ускуна ва спорт жиҳозларини топиш, харид қилиш ҳам амримаҳол бўлган.

Спорт билан шуғулланишга шароит бўлмагандан кейин юқори натижа ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Ёшларимиз халқаро мусобақаларда чемпион бўлиш у ёқда турсин, ақалли қатнашолмаган.

Президентимиз Ислом Каримов мустақиллигимизнинг илк йилларидан “Cоғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир” дея мамлакатимизнинг истиқболдаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини белгилаб берди. Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки кунларидан узоқ истиқболни кўзлаб, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт, деган эзгу ниятни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Бу олижаноб мақсад йўлида миқёси ва аҳамияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун барча зарур шароитлар яратилди.

Президентимиз ташаббуси билан уч босқичли спорт ўйинлари – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2002 йил октябрь ойида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Натижада ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, болалар спортини ривожлантиришнинг ўзига хос ноёб тизимига асос солинди.

Болаларда спортга меҳр уйғотиш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний камолотга интилиш, уларни салбий таъсирдан ҳимоя қилиш ҳамда зарарли одатлардан халос этиш, болаларни барқарор феъл-атворли, Ватанига муҳаббат ва ўз мамлакати учун ғурур-ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган бу ноёб тизим ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи чемпиони сифатида Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг номи мустақил Ўзбекистонимизнинг спорт тарихига зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланди. Халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони унвонини олишга муваффақ бўлди. ФИФА рефериси Равшан Эрматов беш марта Осиёнинг “Энг яхши ҳаками” ва 2015 йилда “Globe Soccer Awards” версияси бўйича “Йилнинг энг яхши ҳаками”, деб эътироф этилди. Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида ёш шахматчиларимиз Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медални қўлга киритиб жаҳонда тенгсиз, деб топилди...

Умуман, ўғил-қизларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида юксак поғоналарга кўтарилмоқда. 2010 йилда умумтаълим мактаблари ўқувчилари халқаро спорт мусобақаларида 420 медални қўлга киритган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич қарийб икки баробар ошди. Бир ярим минг нафардан зиёд спортчи ёшларимиз 165 халқаро мусобақада 983 медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини амалда исботлади.

Қувонарлиси, халқимизнинг миллий спорт тури – кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Эндиликда “чала”, “ёнбош”, “ҳалол”, “танбеҳ”, “дакки”, “ғирром” сингари ўнлаб сўзларимиз дунёнинг турли давлатларида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда жарангламоқда.

Булар ўтган йигирма беш йил ичида биргина спорт соҳасида қилинган ишлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида айрим мисоллар, холос. Аммо шу тарихан қисқа даврда мамлакатимиз наинки спорт, бошқа соҳаларда ҳам эришган ютуқларни, қўлга киритган марраларни фақат санаб ўтиш учун неча юзлаб саҳифа қоралаш керак бўлади. Буни дунё аҳли кўриб турибди.

Бу борадаги ишлар бардавом, ёшларимизнинг муваффақиятларини ҳали кўплар эътироф этади, истеъдодига, маҳоратига, кучига тан беради. Кўкси медаллар шодасига тўлаверади. Чунки биз ўтмиши шонли, бугуни ёруғ, келажаги буюк халқмиз. Бундай халқнинг ёшлари ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол бўлиб вояга етади, келажаги албатта буюк бўлади...

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА