ЎзА Ўзбек

06.09.2016 16:24 Болалар спорти

Боёвут туманида замонавий стадион фойдаланишга топширилди

Сирдарё вилояти Боёвут тумани марказидаги эски стадион қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда замонавий спорт мажмуалари барпо этиш, уларда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш ва ёшларни кенг жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор навқирон авлоднинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш имкониятини бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 1 миллиард 564 миллион сўм маблағ сарфланган стадионда барча шароит яратилган. Қурилиш ва реконструкция ишлари “Жавоҳир-Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилди. Футбол, баскетбол, волейбол, гандбол майдончалари, югуриш йўлаклари, минг томошабинга мўлжалланган трибуна, мураббийлар, ҳакамлар хоналари, кичик тренажёр зали барча жиҳозлар билан таъминланди.

– Тубдан қайта реконструкция қилинган стадион мактабимиз тасарруфига ўтказиб берилди, – дейди Боёвут тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Р.Холиқназаров. – Мактабимизда тарбияланаётган 1 минг 400 га яқин ёшларнинг спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун имкониятлар янада кенгайди. Мактабга жамғарманинг 59 хилдаги қарийб 75 миллион сўмлик спорт жиҳозлари туҳфа этилди. Келгусида бу ерда 18х42 ҳажмдаги ёпиқ спорт зали қуриш режалаштирилган.

А.Қаюмов, ЎзА