ЎзА Ўзбек

08.07.2014 12:44 Болалар спорти

Болаларнинг шодон кунлари

Мамлакатимизда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши, саломатлигини мустаҳкамлаш учун зарур барча шарт-шароит яратилган. «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида бу ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 236-умумтаълим мактабида ташкил этилган кундузги оромгоҳ ҳам болажонларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда юзга яқин ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқариб, бўш вақтини унумли ўтказмоқда. 
Оромгоҳда ўқувчилар кўнгилли дам олиб, саломатлигини яхшилаши учун барча имкониятлар мавжуд. Фан, спорт, ҳунармандлик, мусиқа, тасвирий санъат, спорт тўгараклари, компьютер синфлари уларнинг ихтиёрида. “Қалдирғоч” соғломлаштириш майдончаси спорт мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларига мунтазам уюштирилаётган саёҳатлар болаларнинг билим ва тасаввурини оширмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган инглиз тили тўгарагида ўғил-қизлар мактабда олган билимларини мустаҳкамламоқда.

Болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида сузиш, футбол, шахмат, шашка, “Қувноқ стартлар” спорт мусобақалари ҳам ўтказилмоқда.

– Оромгоҳда яратилган қулайликлар, уюштирилаётган саёҳатлар болаларнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, – дейди оромгоҳ раҳбари Гулнора Мухторова. – Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ўтказиш билан бирга, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, рағбатлантириш, ўз устида ишлаш кўникмаларини шакллантиришга оид чора-тадбирларни ҳам кўрмоқдамиз. Бу жараёнда малакали устоз-мураббийлар, тарбиячилар, психологларнинг ёрдами катта бўлаётир.

Бу ерда мунтазам ўтказилаётган «Саломатлик – туман бойлик», «Спорт – менинг ҳаётим», «Ватан туйғуси», «Биз бахтиёр авлодмиз» тадбирлари, бошқа қатор лойиҳалар болажонларда катта таассурот қолдирмоқда.


ЎзА, Ирода Муродова