ЎзА Ўзбек

08.04.2013 14:46 Болалар спорти

Болаларнинг севимли маскани

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 5 майда қабул қилинган "Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори жойларда болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам мазкур ҳужжат ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилаётир. Ўтган вақт мобайнида вилоятдаги бир қатор мактабгача таълим муассасалари ҳамда болалар спорт мажмуаларида бадиий ва спорт гимнастикаси, енгил атлетика ва бошқа спорт турлари бўйича қўшимча секциялар ташкил этилди.

Яқинда фойдаланишга топширилган Пискент туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида айни кунда мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг 250 нафарга яқин ўқувчиси бадиий гимнастика, кураш, енгил атлетика, бокс, стол тенниси каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Бинобарин, ушбу мактаб болаларнинг севимли масканига айланган.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағи ҳисобидан барпо этилган ушбу мажмуада спортнинг ўндан ортиқ тури билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу имкониятлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарур.

– Режаларимиз катта, – дейди мазкур мактаб директори Мухторхўжа Ғуломов. – Ён-атрофдаги маҳаллаларда яшовчи ўсмирлар орасида мажмуамизда бадиий гимнастика ва енгил атлетика билан шуғулланишни хоҳловчилар кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ана шу спорт турлари бўйича қўшимча гуруҳлар очмоқчимиз.

Пискентдаги ўндан ортиқ умумтаълим мактабларида мазкур Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ўндан зиёд спорт турлари бўйича ташкил этилган ушбу тўгараклар машғулотларида саккиз юз эллик нафарга яқин ўғил-қиз иштирок этмоқда. Жумладан, 22-умумтаълим мактабида очилган футбол тўгарагига ўттиз нафардан зиёд болалар қатнаётир.

– Машғулотларда мураббийларимиз жисмоний, техник ва тактик тайёргарликка алоҳида эътибор беради, – дейди ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси, тўгарак аъзоси Илёс Обидов. – Жамоамизнинг ҳар бир аъзоси устозларимиз кўрсатмаларига қатъий амал қилади. Шу боисдан ҳам туман ва вилоят бўйича ўтказилаётган мусобақаларда муваффақиятларга эришмоқдамиз. Бундан ғоят хурсандмиз. Ниятим – келажакда моҳир футболчи бўлиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.


ЎзА, Холмурод Салимов, Отабек Мирсоатов (сурат)