ЎзА Ўзбек

07.11.2013 19:45 Болалар спорти

Болалар спорти – бўлажак ғалабалар асоси

Баркамол авлодни тарбиялаш ҳар қандай давлат, жумладан, Ўзбекистонда ҳам фаровонлик ва тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Бу жараёнда мамлакатимиз таълим тизимининг узвий қисми бўлган болалар спорти алоҳида ўрин тутади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида” ва 2004 йил 29 августда имзоланган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ёшлар ўртасида спорт ҳамда соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш, барча ҳудудларда болалар спортини жадал ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Мамлакатимизда бу борада тегишли меъёрий-ҳуқуқий база яратилгани боис спортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган, мактабдан ташқари спортга ихтисослашган таълим муассасаларининг моддий-техник базаси замон талаблари даражасида мустаҳкамланган.

Айни пайтда республикамизда 1 миллион 800 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спортнинг ўттиз саккиздан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар турли республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олмоқда. Бунда болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга фаол жалб этаётган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг хизмати катта.

Пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган 27 спорт мактабининг барчасида ёш спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш учун замонавий шароитлар яратилган. Хусусан, улар замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозланган, бир неча авлод истиқболли спортчиларини тарбиялаган юқори малакали мураббийлар меҳнат қилаётган ушбу мактабларда болалар билан ишлашнинг ўзига хос услублари қўлланилаётир. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 17-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам бу борада салмоқли ютуқларга эришмоқда.

– Асосий вазифамиз болаларни спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришдан иборат, – дейди мазкур мактаб директорининг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари И.Хайрулин. – Туманимиздаги умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган семинарларда ўқувчилар спорт мактабимиз тарбияланувчилари қўлга киритаётган ютуқлар билан таништирилаётир. Мактабимизга келаётган ўғил-қизлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги кунда 329 нафар бола сузиш, футбол, регби, эшкак эшиш ва «Турон» якка кураши каби спорт турлари билан шуғулланмоқда. Ўқувчиларимиз шаҳар ва республика миқёсидаги турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритмоқда. Жорий йилда 53 нафар тарбияланувчимиз турли спорт турлари бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатларида совриндор бўлишди.

Мазкур мактабда ёш спортчиларнинг маҳоратини оширишга алоҳида эътибор берилади. Умумий ўқув дастури билан бир қаторда, ҳар бир ўқувчига нисбатан алоҳида ёндашилиб, уларнинг ўзига хос қобилияти инобатга олинган ҳолда машғулот дастурлари тайёрланмоқда. Шунингдек, қизларни болаликдан спорт билан шуғуланишга жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугун мактабимизда таълим олаётган 56 нафар қиз яхши натижаларга эришмоқда.

– Сузиш билан икки йилдан буён шуғулланаман. Ҳар бир машғулотда қандайдир янгиликни ўрганаман, – дейди ушбу мактаб ўқувчиси Р.Фотиҳова. – Келажакда катта натижаларга эришиб, жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз шаънини ҳимоя қилишни истайман. Шаҳар ва республика беллашувларида совринли ўринларни эгалладим. Бу йил эса Ўзбекистон ёзги очиқ чемпионати совриндори бўлдим.

Ҳа, спорт инсон саломатлиги ва иродасини мустаҳкамлайди, ёшлар қалбида Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини кучайтиришга ёрдам беради.


ЎзА, Роман Бондарчук