ЎзА Ўзбек

05.01.2016 12:29 Болалар спорти

Баркамоллик асоси

Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида халқаро майдонда Ўзбекистон шуҳратини юксалтиришга қодир навқирон авлод вояга етмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасидан олинган маълумотларга кўра, 2015 йилда ёш спортчиларимиз Италия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Россия каби йигирмадан зиёд давлатда бўлиб ўтган нуфузли мусобақаларда 138 олтин, 79 кумуш, 90 бронза, жами 307 медалга сазовор бўлди.

Спорт соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим омили, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг воситасига айланганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Айниқса, болалар спорти турлари бўйича мусобақалар мунтазам ташкил этилаётгани ёшларни спортга қизиқтириш, уларнинг ғалабага бўлган қизиқиш ва интилишини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтган йили қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда кўплаб спорт мусобақалари ўтказилди. Жамғарманинг минтақавий филиаллари томонидан спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш мақсадида 9898 спорт мусобақаси ташкил этилиб, уларда 2 миллиондан ортиқ ўғил-қизнинг иштироки таъминланди.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 43-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби замонавий спорт мажмуаларидан биридир. Мазкур спорт мактаби 2008 йилда болалар спорти мажмуаси сифатида фаолиятини бошлаган. 2013 йилда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мақомини олгач, бу ердаги тўгараклар сони кўпайди, қатновчилар сафи кенгайди.

Мактабда тарбияланувчилар спорт-соғломлаштириш, бошланғич тайёргарлик ҳамда ўқув-машғулот гуруҳларида маҳоратини оширмоқда. Машқлар ўқувчиларнинг бўш вақтига қараб, белгиланган ўқув дастури асосида олиб борилаётир. Ёпиқ спорт зали, иккита теннис корти, мини-футбол ва футбол майдонлари доимо гавжум.

– Машғулотлар қатъий жадвал асосида ўтказилади, – дейди спорт мактаби директори Асқар Абдураимов. – Асосий эътибор болаларнинг мунтазам шуғулланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаши, иқтидор ва маҳоратини юзага чиқаришига қаратилади. Жорий йилдаги асосий мақсадимиз волейбол, теннис, бадминтон ва қўл тўпи каби олимпия дастурига киритилган спорт турлари бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишдан иборат.

Мажмуада беш юздан зиёд ўғил-қиз бадиий гимнастика, таэквондо (WTF), футбол, стол тенниси, шахмат, енгил атлетика, камондан ўқ отиш каби спорт турлари билан шуғулланади. Тарбияланувчиларнинг 270 нафари қизлардир.

Қизлар ўртасида спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикага қизиқиш кучли. Айни пайтда 150 қиз ушбу спорт билан шуғулланмоқда. «Умид ниҳоллари – 2015» спорт мусобақаларининг Тошкент шаҳар финал босқичида Чилонзор тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, Президентимиз совғаси – “Damas” автомобили билан тақдирланган эди. Бунда мазкур мактаб тарбияланувчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Нуфузли турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келаётган спортчилар қаторида ёш истеъдодли тарбияланувчилар ҳам ўз маҳоратини намойиш этмоқда. 2015 йилда мазкур мактаб тарбияланувчилари мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда беш юздан зиёд медални қўлга киритгани бунинг далилидир.

Тарбияланувчиларнинг 17 нафари мамлакатимиз миллий терма жамоалари аъзоларидир. Шундан уч спортчи халқаро спорт устаси нормасини бажарган. Биргина ушбу спорт мактаби ёшлари эришаётган улкан муваффақиятлар мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясига берилаётган алоҳида эътибор самараларига далил бўла олади.

Нурилло Насриев, ЎзА