ЎзА Ўзбек

07.07.2016 11:17 Болалар спорти

Баркамол авлод орзуси

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётир. Буни Сурхондарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2003-2015 йилларда вилоятда 163 болалар спорти иншооти, 17 болалар мусиқа ва санъат мактаби барпо этилди ва реконструкция қилинди. Ушбу иншоотларнинг 39 таси ўтган йили қурилиб, замонавий усулда жиҳозланди.

Спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, навқирон авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган замонавий шароит ва имкониятлар уларнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.

– Соғлом она ва бола йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали директори Фахриддин Абдурасулов. – Бунинг учун қарийб 37 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳеч кимдан кам бўлмаган ёш авлодни вояга етказиш мақсадига йўналтирилган бу маблағ эвазига 39 замонавий болалар спорти иншооти қурилмоқда. Битта болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан барпо этилаётир. Иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, битта болалар мусиқа ва санъат мактаби реконструкция қилинмоқда.

Вилоятдаги болалар спорти иншоотларида 755 спорт секцияси фаолият юритмоқда. Спорт объектларининг кунлик ўртача бандлиги 9,8 соатга етди. Чекка қишлоқларда ҳам шаҳарникидан қолишмайдиган барча қулайликларга эга болалар спорти иншоотлари қад ростлаётгани жойларда оммавий спорт тадбирлари ташкил этиш учун кенг имконият яратмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида 1000 дан ортиқ мусобақа ўтказилди. Бу ёшлар орасидан энг чаққон ва кучлиларни саралаб олиш, қўллаб-қувватлаш ва йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаб боришда муҳим омил бўлаётир.

Вилоят ёшлари жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгалламоқда. Масалан, ўтган йили бойсунлик ёш полвон, Тошкент шаҳар олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Шерхон Тўрабоев дзюдо бўйича Таиландда, Қумқўрғон туманидаги 37-умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчиси Зуҳра Тошбоева таэквондо (WTF) бўйича Малайзияда ўтказилган мусобақада шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Яқинда Сариосиё туманидан ёш боксчи Баҳодир Жалолов бокс бўйича Хитойда бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларига саралаш мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

– Бизнинг болалик давримизда спорт билан шуғулланиш учун бундай шароит ҳам, имконият ҳам йўқ эди, – дейди сариосиёлик Улуғбек Муҳиддинов. – Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида фарзандларимизнинг ўзи истаган спорт тури билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароит яратилган. Ёшларимиз бундан унумли фойдаланиб, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида Ватанимиз довруғини улуғлаётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Фарзандларимизнинг истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА