ЎзА Ўзбек

14.09.2015 11:56 Болалар спорти

Бадиий гимнастика – саломатлик гарови

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўғил-қизларимизнинг иродасини тоблаб, ўз кучи ва имкониятларига ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда, жисмонан соғлом улғайишида юксак самаралар бермоқда.

Сурхондарё вилоятида спортнинг нафис тури – бадиий гимнастикага қизиқиш ва интилиш тобора кучайиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Мутахассисларнинг фикрича, ёш авлодни спортга жалб этишга қаратилаётган улкан эътибор улар ўртасида енгил хасталиклар, сурункали касалликка чалиниш каби ҳолатларни сезиларли даражада камайтириб, вазни ва бўй-бастида ижобий ўзгаришларни юзага келтирмоқда. Жумладан, сўнгги ўн йилда олиб борилган таҳлиллар ва мактаб ёшидаги болалар ўртасида ўтказиладиган тиббий кўрик натижаларига кўра, спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланаётган ўғил-қизларнинг жисмоний ривожланиши ҳамда саломатлик кўрсаткичларида ижобий ҳолат юз берган. Масалан, ўқувчилар ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекциялар, пневмония ва бронхит билан касалланиш сезиларли даражада камайди. Шу даврда спорт билан шуғулланувчи қизларнинг бўйи 3 сантиметр ўсиб, вазни 4 килограммга ошди.

– Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, қишлоқ жойларда замонавий спорт иншоотлари қад ростлаётгани спорт билан мунтазам шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб боришида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сурхондарё вилояти филиали директори Фахриддин Абдурасулов. – 2003-2014 йилларда вилоятда 83 замонавий спорт зали, 5 сузиш ҳавзаси, 36 намунавий спорт иншооти янгидан барпо этилди. Жорий йилда вилоят қишлоқларида 36 болалар спорти иншооти қурилиб, реконструкция қилинмоқда. 31 миллиард 250 миллион сўм маблағ сарфланаётган ушбу замонавий иншоотларда ёш авлод спортнинг ўттиздан ортиқ тури, жумладан, бадиий ва спорт гимнастикаси билан шуғулланиши учун барча қулайлик яратилаётир.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси вилоят бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 2003 йил воҳада 94 нафар, 2010 йил 998 нафар қиз бадиий гимнастика билан шуғулланган бўлса, жорий йилда уларнинг сони уч мингдан ошди. Спортнинг нафис тури билан мунтазам шуғулланаётган қизларга қирқдан ортиқ тажрибали мураббий гимнастика сирларини қунт билан ўргатмоқда.

Жорий йилда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан қабул қилинган қўшма қарор ҳам спортнинг бадиий гимнастика турини янада оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Олимпия ўйинлари дастурига кирган бадиий гимнастикани ривожлантириш, ёш спортчиларни Осиё, жаҳон чемпионатлари ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва муваффақиятли иштирокини таъминлашга кенг имконият яратилаётир. Бунинг учун ҳомий ташкилот ва корхоналар бириктирилиб, гимнастика федерацияси вилоят бўлимининг келгусидаги мақсад ва вазифалари белгилаб олинди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, гимнастика федерацияси вилоят бўлими, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилаётган турли мусобақалар ҳам мазкур спорт турининг оммалашиши, энг чаққон ва эпчил спортчиларни аниқлашда муҳим омил бўлмоқда.

– Гимнастика билан шуғулланмасдан олдин тез-тез касал бўлиб турардим, – дейди Термиз шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Раҳима Абдурасулова. – Ҳар куни дарсдан бўш вақтимда бадиий гимнастика билан мунтазам шуғуллана бошладим. Шамоллаш ўз ўзидан бутунлай чекинди. Бўй-бастим ўса бошлади. Мамлакатимизда ўтказилган кўплаб мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритдим. Дўстлар орттирдим. Келгусида ушбу спорт тури бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш – асосий мақсадимдир.

Холўмин Маматрайимов, ЎзА