ЎзА Ўзбек

13.02.2015 11:05 Болалар спорти

Бўлажак чемпионлар улғаймоқда

Бўлажак чемпионлар улғаймоқда

Сурхондарёни полвонлар юрти, дейишади. Дарҳақиқат, бу замин азалдан кураги ер кўрмаган полвонлару курашчилари билан машҳур. Президентимиз раҳнамолигида спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли воҳада нафақат миллий кураш, балки спортнинг бошқа, хусусан, Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган турлари бўйича ҳам Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада совриндорлари етишиб чиқмоқда.

Бугун дзюдо усталари Яҳё Имомов, Абдулла Тангриев, Шарофиддин Лутфуллаев, Суҳроб Турсунов, енгил атлетикачилар Фахриддин Ҳамроев, Маъруфжон Муродуллаев, Улуғбек Чориев, Фаррух Мирзақулов, Сирожиддин Норовларни юртимиздан олис ўлкаларда ҳам яхши билишади.

Масалан, ўтган йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган II Олимпия ўйинларида деновлик Суҳроб Турсунов дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида бронза, жамоавий беллашувларда олтин медални қўлга киритди.

– Бизнинг ёшлигимизда спорт билан шуғулланиш учун зарур шароит ҳам, имконият ҳам йўқ эди, – дейди Суҳробнинг бобоси Т.Мўминов. – Мустақиллик туфайли бугун энг чекка қишлоқларда ҳам фарзандларимиз истаган спорт тўгарагига бориб шуғулланиши учун барча қулайликлар мавжуд. Ёшларимизнинг бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида Ватанимиз довруғини улуғлаётгани кўнглимизни тоғдек кўтармоқда. Ёш авлод камолоти йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимиздан миннатдормиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўқувчи-ёшларни спортга кенг жалб этиш мақсадида нафақат шаҳар ва туманлар маркази, балки олис қишлоқ ва чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт иншоотлари қад ростламоқдаки, бу навқирон авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, ҳар томонлама соғлом улғайишига хизмат қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоятида 2004 йилда мутлақ соғлом болалар 60,7 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 74,3 фоизга етган. Енгил хасталиклар, сурункали касалликка чалинадиган болалар сони ҳам сезиларли даражада камайиб, вазни ва бўй-бастида ижобий ўзгаришлар юз бераётгани эътиборга молик.

Мутахассисларнинг фикрича, мустақилликнинг дастлабки йилларида воҳалик ёшлар фақат кураш бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этган бўлса, эндиликда улар спортнинг таэквондо WTF, бокс, енгил атлетика ва бошқа ўнлаб турлари бўйича ҳам фахрли ўринларни қўлга киритмоқда.

Ўтган йили Россияда ўтказилган универсал жанг бўйича 16-17 ёшли спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида термизлик Шаҳзод Азизов олтин, Аббос Менглиев ва Арслонбек Норқулов бронза медалга сазовор бўлди. Туркияда таэквондо WTF бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтган халқаро турнирда Узун туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фарангиз Муҳаммадиева олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир бор намойиш этди. Дзюдо бўйича Гонконгда ўтказилган Осиё чемпионатида шерободлик ёш спортчи Муҳаммадкарим Хуррамов ўз вазн тоифасида тенгсиз деб топилди.

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган II Параосиё ўйинларида сурхондарёлик ёш енгил атлетикачилар – Фахриддин Ҳамроев, Маъруфжон Муродуллаев ва Улуғбек Чориев олтин, Фаррух Мирзақулов кумуш, Сирожиддин Норов бронза медалга сазовор бўлгани ҳам ёш авлодни спортга жалб этиш борасида Президентимиз раҳнамолигида кўрсатилаётган улкан эътиборнинг амалдаги самарасидир.

Маълумотларга қараганда, 2003-2014 йилларда вилоятда 83 замонавий спорт зали, 5 сузиш ҳавзаси, 36 намунавий спорт иншооти, 17 болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан барпо этилди, реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Бу ишлар учун 94 миллиард 540 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди. Жорий йилда вилоят қишлоқларида 31 миллиард 250 миллион сўм эвазига 36 болалар спорти иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.

Ўтган йили вилоятда саккизта болалар спорти иншооти қурилиб, реконструкция қилинди. Шеробод туманидаги 14-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қошидаги замонавий спорт иншооти шулардан бири.

Қарийб 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ҳисобидан барпо этилган ушбу замонавий иншоотда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит муҳайё. Айни пайтда бу ерда 420 дан зиёд ўғил-қиз спортнинг бадиий гимнастика, стол тенниси, волейбол, баскетбол, қўл тўпи, дзюдо каби тўққиз тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Янги иншоотнинг жаҳон андозаларига мос жиҳозлангани таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини янада оширмоқда, – дейди 14-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори М.Йўлдошев. – Мактабда яратилган қулайликлардан ота-оналар ҳам, ўқувчи-ёшлар ҳам беҳад мамнун.

Буларнинг барчаси ёшларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иродасини тоблаш билан бирга, уларда ўз кучига, келажагига ишонч ва ғурур туйғусини юксалтириб, ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА