ЎзА Ўзбек

19.06.2015 19:05 Болалар спорти

Бўлажак чемпионлар маскани

Бўлажак чемпионлар маскани Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни соғлом вояга етказиш, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари теннис мактабида ёшларнинг теннис, стол тенниси ва бадминтон билан шуғулланиши учун барча қулайлик яратилган.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта қурилган мазкур теннис мактаби иқтидорли ёш теннисчиларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

– Мактабимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали томонидан ажратилган 1 миллиард 846 миллион сўм маблағ ҳисобига қайта қурилди, – дейди мактаб директори Яҳёбек Дадахонов. – Айни пайтда бу ерда 360 дан зиёд бола теннис, стол тенниси ва бадминтон билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 115 нафари қизлардир.

Бир нечта очиқ ва ёпиқ кортлар, сауна, душ, тиббиёт хонаси, алоҳида мураббийлар хоналарига эга мактаб тарбияланувчилари турли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Муслима Охунова, Гулноза Одилова, Исмоил Тошболтаев, Муштарий Аҳророва, Муҳаммад Мамажонов, Нилуфар Мўминова, Абдулазиз Анорбоев, Сайдулло Ясинов, Билолиддин Қўчқорбоев, Ҳуснора Иминова, Моҳигул Каримова сингари ўқувчилар шулар жумласидандир.

– Қизим Ҳуснора ушбу мактабда етти ёшидан буён стол тенниси билан шуғулланади, – дейди андижонлик Фотимахон Иминова. – Мураббийлари кўмагида ўз устида тинимсиз ишлайди, маҳоратини оширишга интилади. Бунинг самарасида у Ўзбекистон чемпионатида совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади. Мен учун энг асосийси, фарзандим соғлом вояга етмоқда. Президентимиз томонидан фарзандларимизга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик, айниқса, биз, ота-оналарни жуда хурсанд қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА