ЎзА Ўзбек

15.09.2015 19:22 Болалар спорти

Бўлажак чемпионлар маскани

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, ўзлари хоҳлаган спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш мақсадида замонавий болалар спорти иншоотлари қуриш ва жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида ўтган йиллар давомида Наманган вилоятида кўплаб шундай масканлар барпо этилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси тизимидаги 37 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 25 мингдан зиёд ўқувчи мунтазам шуғулланмоқда. Мазкур муассасаларда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол, соғлом улғайиши учун барча шароит яратилган. Буни ўқувчиларнинг турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, совриндорлар қаторидан ўрин олаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жорий йилнинг 5-7 сентябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивалида Наманган шаҳридаги 34-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Муниса Хушназарова ҳамда Наманган туманидаги 35-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Давлатбек Ҳошимов миллий терма жамоамиз сафида бош совринни қўлга киритди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, миллий ва олимпия спорт турлари бўйича юқори натижага эришаётган спортчиларнинг асосий қисми айнан болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчиларидир. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, спорт иншоотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун яратилаётган шароитлар самарасидир.

ЎзА