ЎзА Ўзбек

24.02.2015 17:00 Болалар спорти

Бўлажак чемпионлар маскани

Бўлажак чемпионлар маскани Мамлакатимизда навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, ўзлари хоҳлаган спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш мақсадида замонавий болалар спорти иншоотлари қуриш ва жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасида кўплаб шундай масканлар барпо этилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Нукус шаҳридаги теннисга ихтисослаштирилган мактабда 700 нафарга яқин ўғил-қиз теннис ва стол тенниси билан шуғулланмоқда. 16 нафар тажрибали мураббий сабоқ бераётган мактаб Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 1 миллиард 200 миллион сўм маблағи эвазига бунёд этилди ва замонавий жиҳозланди.

– Мактабда ёшларнинг замонавий билим олиш билан бирга, теннис сирларини пухта эгаллаши учун барча имконият мавжуд, – дейди мактаб директори Анвар Нуржонов. – Муҳташам теннис корти, кенг ва ёруғ спорт заллари бу ерда халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имкониятини ҳам беради.

Яратилган шароитлардан самарали фойдаланаётган мактаб ўқувчилари турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, мунтазам совриндорлар қаторидан ўрин олмоқда. Айниқса, Мухамбет Дарябоев, Қувонч Алимқулов ва Севара Бўронқулованинг теннис, Қутлимурат Асамаддинов, Адолат Рейимбоева ва Гулхон Жалғасбоеванинг стол тенниси бўйича эришаётган натижалари қувонарли бўлмоқда. Мактаб тарбияланувчиси Насиба Есбўлова жорий йилда мамлакатимиз пойтахтида теннис бўйича ўтказилган мусобақаларда иккинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА