ЎзА Ўзбек

10.07.2015 20:58 Болалар спорти

“Azia sport-s” маҳсулотларига талаб катта

“Azia sport-s” маҳсулотларига талаб катта Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўғил-қизлар ўртасида спорт кенг оммалашиб, шуғулланувчилар сони ортиб бормоқда. Бу спорт инвентарларига бўлган талаб ва эҳтиёжни кучайтирмоқда.

Бугун юртимиздаги юздан зиёд корхонада халқаро талабларга мос спорт инвентарлари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу соҳага ихтисослашган субъектларнинг қўллаб-қувватланаётгани, уларга кенг имтиёз ва қулайликлар яратилаётгани бунда муҳим омил бўлаётир. Пойтахтимиздаги “Azia Sport-S” фирмаси ана шундай корхоналардан бири. Буюк Британиянинг спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи “Аdmiral” компаниясининг расмий вакили сифатида 1995 йилда фаолиятини бошлаган ушбу корхона 2006 йилдан бери Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

– Ўтган давр мобайнида 38 турдаги спорт инвентарларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, – дейди “Azia Sport-S” фирмаси иш юритувчиси Шерзод Холиқов. – Авваллари ҳатто стол теннисининг ракеткалари чет элдан келтириларди. Маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, бокс, баскетбол, волейбол, гандбол, стол тенниси жиҳозлари, спорт ўриндиқлари, қатор спорт турлари учун мўлжалланган тўшамаларни ишлаб чиқармоқдамиз. Енгил ва оғир атлетика, бадминтон, бокс, шахмат ва шашка, футбол, теннис анжомлари ва тренажёрлар “Аdmiral” бренди остида чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва қатор спорт федерациялари “Azia Sport-S”нинг асосий харидорлари ҳисобланади. Бу ерда тайёрланган бокс ринглари, гимнастика жиҳозлари, тўшамалар, теннис столлари, сеткалари, баскетбол саватлари, гандбол дарвозалари ва гимнастик помостларга талаб юқори.

Корхонада элликдан ортиқ мутахассис меҳнат қилаётир. Бу маҳаллий аҳолининг янги иш жойларига эга бўлиб, бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Ушбу фирмада икки йилдан бери бўёқчилик қиламан, – дейди Нусратилло Аширов. – Мактабда ўқиб юрган кезларимда спортнинг шарқ яккакурашларига қизиқардим. Афсуски, у пайтларда мазкур спорт тури билан шуғулланишга имкон йўқ эди. Бугун ўзим етиша олмаган орзуларимга фарзандларим эришмоқда. Икки қизим Чирчиқ шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида ушу тўгарагига қатнайди. Улар шуғулланаётган тўгаракдаги жиҳозлар ҳам ўзимизнинг фирмамиз маҳсулоти эканидан фахрланаман.

“Azia Sport-S” фирмаси жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг 100 касб-хунар коллежи, 19 умумтаълим мактабининг спорт залларини ва 700 болалар ва ўсмирлар спорт мактабига янги спорт инвентарлари етказиб берди.

Давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланаётган “Azia Sport-S” фирмаси фаолиятини янада кенгайтириш, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда янги турдаги маҳсулотларни тайёрлашни ўзлаштиришга интилмоқда. Бу мамлактимизда ўсиб келаётган навқирон авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган шарт-шароитларнинг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА