ЎзА Ўзбек

16.09.2014 13:06 Болалар спорти

Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси

Соғлом бола йилида Жиззах шаҳридаги маҳаллаларда 12 дам олиш хиёбони барпо этилди. 7 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилган бундай маданий масканларда сунъий қопламали футбол майдончалари ҳам ташкил этилди.

Шаҳарнинг “Заргарлик” маҳалласида барпо этилган учта ана шундай маскан фаолиятидан аҳоли мамнун. Ҳар бирининг таркибида болалар майдончаси, савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 50, 70 квадрат метрли сунъий қопламали футбол майдончалари бўлган мўъжаз дам олиш мажмуаларида аҳолининг бўш вақтини кўнгилли ўтказиши учун барча шароит яратилган.

– Бизга мана шундай маскан жуда зарур эди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сабоҳат Муҳиддинова. – 54 кўп қаватли уйдаги 2 минг 174 оилада 12 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳалла шаҳардаги гавжум гўшалардан бири. Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари самарасида бизнинг маҳалла ҳам кун сайин обод бўлиб бораётир. Жамоат жойларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришда катта ишлар қилинди, аҳолига хизмат кўрсатиш яхшиланди. Айниқса, ҳар бир хиёбонда болалар майдончалари ва сунъий қопламали футбол майдончалари барпо этилганидан маҳалла аҳли ғоят мамнун.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шу йилнинг ўтган даврида Жиззах туманида учта, Зомин туманида иккита, Пахтакор, Янгиобод туманларида биттадан маҳаллада – вилоят бўйича 19 ана шундай мажмуа барпо этилди. Хиёбонлар, болалар майдончалари ва сунъий қопламали футбол майдончаларини қуриш тадбиркор ва ҳомийлар кўмагида, ҳашар асосида амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бу иншоотларни қуриш учун 10 миллиард 408 миллион сўмлик иш бажарилди. Йил охирига қадар барча туманларда энг камида биттадан шундай майдончалар барпо этиш мўлжалланмоқда.

ЎзА, Т.Бекназаров