ЎзА Ўзбек

08.07.2014 12:26 Болалар спорти

Ҳар бир бола – бир дунё

...Маҳалла ҳудудидаги чеварлик цехи қайта жиҳозланиб, янги ускуналар билан таъминлангач, унинг ишлаб чиқариш қуввати янада ошди, қўшимча иш ўринлари яратилди. Маҳалла фаоллари яқинда коллежни тамомлаган йигирмадан ортиқ қизнинг цехда ишга жойлашишига кўмаклашди. 

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги “Катта Хирмонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини қошида фаолият кўрсатаётган вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиянинг аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга оид эзгу ишларини бугун мамлакатимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятида кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маҳаллалар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тобора такомиллаштириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур ҳужжат фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари – ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маънавият ва маърифат, хотин-қизлар билан ишлаш, яраштириш каби саккизта комиссия фаолиятини самарали тарзда йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ёшлар билан ишлаш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, навқирон авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик, катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик руҳида камол топтиришда вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиясининг ҳиссаси катта бўлмоқда. 

– Маҳалламизда 5 минг 250 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Шарофат Абдиева. – Улардан 1 минг 610 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади. Ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ишларини амалга ошириш, ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга муносиб ҳисса қўшиш комиссия фаолиятининг асосини ташкил этади. Фарзандлар тарбияси учун барчамиз масъулмиз. 

Ҳудуддаги профилактика инспектори, таълим даргоҳлари мутасаддилари, оилавий шифокор, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, элда обрў-эътибор қозонган, ёшларга тарбиявий таъсир ўтказиш салоҳиятига эга отахон ва онахонларнинг мазкур комиссия ишчи гуруҳи таркибига киритилгани кўплаб долзарб масалаларни тез ва оқилона ҳал этиш имконини бермоқда. Вояга етмаганлар қаровсизлиги ва назоратсизлигининг олдини олиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси олдидаги масъулиятини тобора оширишда “Маҳалла посбонлари” жамоатчилик тузилмаси, “Ота-оналар университети” ва фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик ижобий самара бермоқда. 

Комиссиянинг саъй-ҳаракатлари билан маҳалла ҳудудидаги 217-умумтаълим мактабининг 9-синфини тамомлаган 174 нафар битирувчини лаёқати ва қизиқишига қараб таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишга эришилди. Ўқиш даврида мактабдаги таълим-тарбия жараёни, болаларнинг фанларни ўзлаштириши, давомати доимий таҳлил этиб борилиши ўқувчиларнинг билим олишга бўлган масъулияти, қизиқиши ва интилиши тобора ортишида асосий омил бўлмоқда. 

– Таълим масканимизда Катта Хирмонтепа, Якка тут, Шарқ тонги, Хайробод, Тинчлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи болалар ўқигани боис ушбу маҳаллаларнинг барчаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди 217-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Комила Қосимова. – Ушбу ҳамкорлик вояга етмаганлар билан ишлашда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, ёшлар психологиясига оид ижобий иш усулларини ўрганиш ва оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёзги таътил даврида болаларнинг бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этиш мақсадида маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, ота-оналар ўзаро маслаҳатлашиб, мактаб ҳудудида болалар соғломлаштириш майдончаси ташкил этилди. Бу ерда ўқувчи-ёшлар йигирмадан ортиқ тўгаракка қатнайди. Айниқса, хорижий тиллар, информатика, бисер тўқиш, тасвирий санъат, футбол, шахмат, стол тенниси тўгаракларига қизиқиш катта. 

Ёшларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш, уларни ишга жойлаштиришга яқиндан кўмаклашиш мақсадида бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, тадбиркорлик субъектлари билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган. Бунинг самарасида маҳаллада истиқомат қилаётган йигит-қизлар шу ернинг ўзидаги ишлаб чиқариш, қадоқлаш цехлари, сартарошхона, новвойхона, қандолат цехи, савдо ва маиший хизмат шохобчаларида меҳнат қилмоқда. Бу оилалар фаровонлигини ошириш, йигит-қизларнинг бекор қолиши ва бунинг оқибатида турли иллатлар домига тушиб қолишининг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Ёшларнинг билиб-билмай жиноят кўчасига кириши, турли ҳуқуқбузарликлар, муттасил тарзда интернет кафеларда вақт ўтказиши каби салбий ҳолатлар барҳам топди. 

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Ҳусановнинг айтишича, комиссия фаолиятида маҳаллада истиқомат қилувчи ҳар бир ёш билан ишлаш, унинг орзу-интилишларини ўрганиш асосий ўрин тутади. Ҳудуддаги учта спорт майдончаси доимо болалар билан гавжум. Бу ерда болаларнинг қизиқишига қараб спортнинг турли йўналишлари бўйича тўгараклар ташкил этилган. Улар «Алпомиш ва Барчиной», «Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи», «Футболимиз келажаги», «Маҳалламиз паҳлавонлари» сингари мусобақа ва турнирларнинг доимий иштирокчиси. 

«Ораста ёшлар» жамоат тузилмаси ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, ўз саломатлиги, келажаги ҳамда жамият, Ватан олдидаги масъулиятини кучайтиришга ёрдам бермоқда. Кўп қаватли уйларнинг йўлаклари, болалар майдончалари, ҳовлилар атрофини ободонлаштириш, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларга уй-рўзғор юмушларида кўмаклашишда бу тузилма аъзоларининг ҳиссаси катта бўлмоқда. 

Комиссия ташаббуси билан маҳалла ҳудудидаги 35-оилавий поликлиникада балоғат ёшидагилар, айниқса, қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, зарур ҳолларда даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш, ўз саломатлигига жиддий эътибор билан муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш амалиёти кенг йўлга қўйилган. 

– Ҳар бир бола – бир дунё, – дейди маҳалла маслаҳатчиси Ш.Абдиева. – Ёшлар билан ишлашда уларнинг тафаккури, дунёқараши, орзу-интилишларини инобатга олган ҳолда кенгашиб, маслаҳатлашиб иш юритилаётгани кутилган ижобий натижаларни бермоқда.

ЎзА, Назокат Усмонова