ЎзА Ўзбек

25.11.2014 17:39

Ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик самараси

Ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик самараси

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, болалар спортини ривожлантириш, ўғил-қизларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни жисмонан етук, юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилиб, айни пайтда кўплаб давлатлар томонидан ноёб тажриба сифатида ўрганилаётган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти асосида ҳам худди ана шу мақсад мужассам.

Жамғарма томонидан шаҳар ва қишлоқларимизда замон талабига мос спорт мажмуалари ва стадионлар барпо этиш, уларни юқори малакали мураббийлар ва зарур спорт жиҳозлари билан таъминлаш, замонавий мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан, Амударё туманида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.

– Президентимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этиш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди, – дейди Амударё тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова. – Мазкур вазифалар ҳамда “Соғлом бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида туманда махсус дастур ишлаб чиқилди. Туман аҳолисининг 49,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 30 мингдан зиёд ёшнинг 14 мингга яқинини қизлар ташкил этади. Ёш авлоднинг чуқур билим олиши билан бирга, жисмонан соғлом улғайиши учун учта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, иккита стадион, 60 га яқин спорт зали, 86 спорт майдончасида 1 минг 434 нафар ёш, шу жумладан, 300 нафарга яқин қизга 84 тажрибали мураббий спорт сирларидан сабоқ бермоқда.

Умумтаълим мактабларида ташкил этилаётган жисмоний соғломлаштириш гуруҳлари ва тўгаракларда 3 мингдан зиёд қиз спортнинг ўн тури бўйича шуғулланаётган бўлса, 8 касб-ҳунар коллежи ва битта академик лицейдаги спорт залларида минг нафардан зиёд қизлар машғулотларда мунтазам иштирок этмоқда.

Аёллар ва қизларни спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда хотин-қизлар қўмитаси, маданият ва спорт ишлари бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган турли танлов ва мусобақалар муҳим аҳамият касб этаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган қизлар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи аёллар ўртасида спортнинг волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда 300 нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди.

Туман ёшлари мамлакат миқёсида ўтказилаётган турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, 52-умумтаълим мактабининг “Барчиной” жамоаси енгил атлетика бўйича “Баҳор маликалари – 2014” спорт мусобақасининг Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган мамлакат босқичида фаол қатнашди. Теннис бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси биринчилигида Соҳиба Шомуратова биринчи, Лайло Болтабоева иккинчи, Нилуфар Камолова учинчи ўринларни эгаллади.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ёш авлодни, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этишдаги ҳамкорлик жойларда олиб борилаётган турли тадбирларда ўз ифодасини топмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча маҳаллаларда ўтказилган “Отам, онам ва мен – спортчи оила” анъанавий спорт ўйинларининг туман босқичида 13 спортчилар оиласи иштирок этди.

Туманда замонавий спорт иншоотларини бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда туман марказидаги Янгиобод маҳалласида қурилиб, фойдаланишга топширилган ана шундай спорт маскани минифутбол ва теннис мусобақалари ўтказишга мўлжалланган бўлиб, маҳалла аҳолиси учун катта совға бўлди. Худди шундай спорт иншоотлари Бойовул, Навоий, Дурунки маҳаллаларида Янги йил байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

Мамлакатимизда болалар спорти, айниқса, хотин-қизлар ўртасида спортни оммалаштириш борасида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА