ЎзА Ўзбек

08.07.2014 12:21 Болалар спорти

Қаддин кўринг Ўзбекистон болаларининг

Қаддин кўринг Ўзбекистон болаларининг
Мамлакатимизда спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантириш борасидаги ишлар юксак самаралар бермоқда

Қудратли юрт фарзандлари

Ҳар бир ота-она фарзанди соғлом бўлиб улғайишини, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини, эл-юртга хизмат қиладиган фидойи инсон бўлиб вояга етишини орзу қилади. Айниқса, болам деб яшайдиган халқимизнинг ўзига хос фазилати ҳам, энг эзгу нияти ҳам, мақсад-муддаоси ҳам ана шу.

Буюк келажагимиз бунёдкори бўлган навқирон авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом этиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир. 

Бу жараёнда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва самарали омили бўлган болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳим ўрин тутмоқда. Юртимизнинг шаҳару қишлоқлари кўркига кўрк бағишлаб турган муҳташам спорт иншоотлари ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спортга, соғлом турмуш тарзига кенг жалб этишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, жорий йилда 163 объект, жумладан, 115 болалар спорти иншоотини қуриш-тиклаш ишлари кўзда тутилган. Ўтган ойларда Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида бир неча болалар спорти иншоотини қуриш ишлари якунланди. Эътиборлиси, мазкур иншоотларнинг барчаси қишлоқ жойларда барпо этилди. 

Фойдаланишга топшириладиган объектларни спорт инвентарлари билан жиҳозлашга 4 миллиард 647 миллион сўм, 2004-2012 йилларда фойдаланишга топширилган болалар спорти иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларини қайта жиҳозлаш учун 16 миллиард 950 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, янги ўқув йилига қадар жойлардаги иншоотларга тўлиқ етказиб бериш кўзда тутилган. Шу йилнинг 1 июль ҳолатига жиҳозлаш дастури бўйича 2,1 миллиард ва қайта жиҳозлаш дастурига асосан 6,4 миллиард сўмлик спорт анжомлари ҳудудларга етказиб берилди. 

Мамлакатимизда 2003 йилда жами ўқувчи-ёшларнинг 20,4 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, ҳозир бу рақам 45,5 фоизни ташкил этади.

– Болалар спорти иншоотларида ўғил-қизларимиз нафақат саломатлигини мустаҳкамламоқда, балки халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимизнинг обрўсини юксалтирмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Акмал Бобонов. – Жамғармамиз маблағи ҳисобидан 2014 йилнинг ўтган даврида ёш спортчиларимиз Германия, Австрия, Италия, Франция, Россия, Хитой, Таиланд ва Қозоғистон каби давлатларда ўтган мусобақаларда 4 олтин, 7 кумуш ва 15 бронза медални қўлга киритди. 

Қадди ҳам, қадри ҳам баланд

Сўнгги йилларда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда ғалабага эришиши одатий ҳолга айланди. 

Бундай қувончли воқеаларнинг деярли ҳар куни бўлаётгани ўзбек спортининг жаҳон миқёсида юксак поғонага чиққанидан далолатдир. Аммо бундай натижаларга ўз-ўзидан эришилмаганини, унинг замирида тинимсиз меҳнат, ҳар жиҳатдан пухта ўйланган, кенг қамровли ва тизимли чора-тадбирлар мужассам эканига кўпинча эътибор бермаймиз. Шундай пайтларда таниқли полвон Аъзам Шокиржонов айтиб берган бир воқеа эсга тушади.

“Болалигимдан спортга меҳр қўйиб улғайдим, – дейди полвон. – Аммо у пайтлар бугунгидай имкониятлар қаёқда дейсиз? Халқаро мусобақаларга қатнашиш у ёқда турсин, спорт билан яхшироқ шуғулланиш учун ҳам шароит йўқ эди. Жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинлари сингари мусобақаларда қатнашишни-ку орзу ҳам қила олмасдик. 1971 йили Минскда юнон-рум кураши бўйича мусобақа ўтказилганди. Унда ғалаба қозонган спортчи Олимпия ўйинларида иштирок этиш имконига эга бўларди. Мусобақада ғалаба қозондим, лекин Олимпиадага мени олиб кетишмаган, бу мусобақада қатнашиш менга армон бўлиб қолган”.

Аъзам аканинг бу гаплари ўша даврда деярли ҳар бир ўзбек спортчисининг қисмати эди. Иқтидорига рағбат кўрсатилмай, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиш тўғрисидаги истакларини юрагининг туб-тубига яшириб, “тоғу тошлар орасида номи чиқмай” қолиб кетганлар қанча эди?!

Истиқлолимиз шарофати билан манзара бутунлай ўзгарди. Бугун юртимизда истеъдод соҳиблари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга шароит яратилмоқда, халқимиз, Президентимизнинг юксак ишончига, рағбатига сазовор бўлмоқда.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва муҳим бўлаги ҳисобланган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари иқтидорли спортчиларнинг янги-янги авлодини тарбиялайдиган, минглаб спортсевар ёшларга унутилмас лаҳзаларни ҳадя этадиган, уларнинг орзуларини рўёбга чиқарадиган, пировардида ҳаёт йўлини белгилаб берадиган том маънода спорт байрамига айланганини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

«Кичик Олимпиада» номини олган мазкур тизим қанчадан-қанча истеъдодлар учун кашфиёт майдонига айланди. Уларнинг изидан яна минглаб иқтидор эгалари етишиб чиқмоқда. 

Спортчиларимиз мустақил жамоа сифатида ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини 1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳридаги мусобақалардан бошлаган бўлса, шу кунгача мазкур мусобақаларда бештадан олтин ва кумуш, ўнта бронза медални қўлга киритди. Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ютуқларимиз янада салмоқли бўлаётгани спортни ривожлантириш борасидаги тизимли ишлар нақадар тўғри йўлга қўйилганининг самарасидир.

Ўзбекистонга ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи олтин медалини келтирган боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев, шахмат бўйича 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори Ришод Собиров, бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Лондон Олимпиадаси совриндори Аббос Атоев, каноэда эшкак эшиш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Вадим Меньков, ўзбек қизлари ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов каби спортчиларимизни бугун бутун дунё танийди, уларнинг юксак салоҳиятига тан беради. 

Ана шу ака-опаларига ҳавас қилиб, беғубор қалбига жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, юрт шаънини тараннум этишдек олий мақсадни жойлаган ёш спортчиларимизнинг мусобақаларда эришаётган натижалари таҳсинга лойиқ. Уларнинг қўлга киритган медалларини санаб ҳам, ҳисоблаб ҳам адоғига етиш қийин. 

2014 йилнинг ўтган даврида ўсмирларимиз бокс бўйича Болгарияда, бадиий гимнастика бўйича Малайзияда, спорт гимнастикаси бўйича мамлакатимизда, трамполин бўйича Японияда, оғир атлетика, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича Таиландда, ўқ отиш бўйича Кувайтда, таэквондо бўйича Хитой Тайпейида, сузиш бўйича Беларусда ташкил этилган жаҳон ва Осиё чемпионатлари, нуфузли турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, шу йил 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўладиган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари йўлланмаларига эга бўлди.

– Бизни олдинда ўта масъулиятли мусобақа – II ўсмирлар Олимпиадаси кутмоқда, – дейди бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Бектемир Мелиқўзиев. – Ушбу нуфузли спорт анжуманида муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб совға ҳозирлашни ният қилганман.

Ўтган йили шахмат бўйича 8 ёшгача ўғил болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Нодирбек Абдусатторовга ҳавас қилган ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоров орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ана шундай юксак натижага эришди. Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган рапид ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпионатида Исломбек ва Жавоҳир иккитадан олтин медални қўлга киритди. Ёш жаҳон чемпионлари Президентимиз Ислом Каримов томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди. 

Эркин ва обод, тинч ва осойишта юртда вояга етаётган ўғил-қизлар ўз ҳаётини Ватани равнақи, эл-юртининг обрўсига дахлдор, деб билади. Бу йўлда билим ва салоҳиятини, истеъдоду иқтидорини аямайди. Бундай авлодни ҳеч ким енга олмайди, унинг қадди ҳам, қадри ҳам доимо баланд бўлади.


ЎзА, Байрам Айтмуродов, Сарвар Ўрмонов (сурат)