27.01.2015 14:40 Болалар спорти

Жисмонан ва маънан баркамоллик асоси

Жисмонан ва маънан баркамоллик асоси

Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида 2003-2014 йилларда Қашқадарё вилоятида 165 болалар спорти иншооти бунёд этилди.

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 5 майда қабул қилинган "Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳужжат болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенг жалб этиш борасида муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Вилоятимизда 2003-2014 йилларда 165 болалар спорти иншооти фойдаланишга топширилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилояти филиали директори Сирожиддин Азизов. – Асосий қисми қишлоқ жойларда қурилган ушбу объектларнинг юздан ортиғи мактаб спорт заллари ва намунавий спорт иншоотларидир.

– Барча зарур шарт-шароит яратилган мактабимизда Мудин, Пудина, Эсабой, Бойғунди, Гала, Шербек ва бошқа қишлоқларда яшовчи 430 дан зиёд ўқувчи спортнинг волейбол, қўл тўпи, футбол, стол тенниси, кураш каби турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, – дейди Косон туманининг Мудин қишлоғида барпо этилган 3-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Анвар Эргашев. – Ўн икки нафар малакали мураббий уларга машғулотлар ўтмоқда.

Вилоятда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2014 йили қурилган объектлар 543 миллион сўмлик спорт жиҳозлари билан таъминланди.

Маълумотларга кўра, ҳозир Қашқадарёда 6-15 ёшли 77,5 минг нафардан зиёд ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Бундан ташқари, юзлаб болалар мавжуд ўттиз бешта болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўзлари қизиққан спорт турлари бўйича машғулотларга қатнашаётир.

Касби туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 580 га яқин ўғил-қиз таълим-тарбия олади. Муассаса тарбияланувчиларидан Зиёда Асророва, Асила Набиева, Моҳинур Абророва, Дилбар Бобохўжаева, Баҳодир Неъматов ва Шаҳзод Йўлдошев қўл тўпи бўйича вилоят терма жамоаси сафида “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг финал босқичига тайёргарлик машғулотларида иштирок этмоқда.

– Ўтган йили жамоамиз қўл тўпи бўйича вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, Нукусда ўтказилган республика мусобақасида муваффақиятли қатнашди, – дейди касбилик Асила Набиева. – Бу йил Хоразмда бўладиган "Кичик олимпиада"да катта натижага эришиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг вилоят филиали ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят кенгаши ҳамкорлигида турли мусобақа ва беллашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Булардан кўзланган мақсад фарзандларимизни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялашдан иборатдир.

Ў.Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА