ЎзА Ўзбек

09.12.2014 16:33 Болалар спорти

Қораўзакда янги спорт мажмуаси

Қораўзакда янги спорт мажмуаси

Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида замонавий болалар спорти мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча қулайликлар яратилган мазкур мажмуада Нукусдаги “Испақ қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари 2 миллиард 240 миллион сўмликдан зиёд бунёдкорлик ишларини бажарди.

– Айни пайтда бу ерда болалар спортнинг беш тури билан мунтазам шуғулланиш имконияти мавжуд, – дейди спорт мажмуаси раҳбари Мубарек Айтимов. – Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган мажмуада “Умид ниҳоллари” мусобақасига киритилган барча спорт турлари бўйича машғулотлар олиб борилади.

Туманда 23 спорт зали, 96 спорт майдончаси ёшларнинг жисмонан ва маънан соғлом вояга етиши учун хизмат қилаётир. Иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида спортнинг 8 тури бўйича ташкил этилган тўгаракларда 1 минг 500 нафарга яқин ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Барча қулайликларга эга спорт залларида шуғулланаётган иқтидорли ёшларимиз Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қораўзак тумани вакили Ережеп Алмағамбетов. – Таэквондо бўйича Хонзода Полвонова, Ойсулув Абатова, Давлатёр Қурбонбоев, бадиий гимнастика бўйича Малика Тожибоева, Дилноза Ўрозбоева, Дилфуза Ўтарбоева, енгил атлетика бўйича Ерсултон Бектурсунов, Айсара Турғалиева, Набира Қуралбоева каби спортчиларимиз эришаётган ютуқлар билан фахрланамиз.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА