ЎзА Ўзбек

19.02.2015 15:11 Болалар спорти

Қишлоқ ёшлари жаҳон ареналарида

Кўп йиллар Ғаллаорол тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг директори вазифасида ишлаган, қирқ йилдан зиёд спорт соҳасида меҳнат қилган меҳнат фахрийси Саттор Умурзоқов қадрдон жамоаси эришаётган ютуқлардан ғурурланиб юради.

– Илгари қишлоқ ёшларининг қайсидир мусобақага бориши, ҳатто вилоят миқёсидаги мусобақада қатнашиши ҳам биз учун энг катта ютуқ бўлган, – дейди Саттор ака. – Биз, мураббийлар ёшларимизнинг халқаро мусобақаларда иштирок этишини фақат орзу қилар эдик. Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни жисмоний-тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда улғайиши йўлида амалга оширилаётган ишлар туфайли спортимиз ривожланди. Спортчиларимиз ўзбек ёшлари нималарга қодирлигини халқаро миқёсда кенг намоён этаётир. Ўтган йили мактабимизнинг 9-синф ўқувчиси Сабина Умарова 1999-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида енгил атлетика бўйича хорижда ўтказилган нуфузли мусобақада битта олтин, иккита кумуш медални қўлга киритди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мустақиллик туфайли қишлоқ ёшларининг бундай ютуқлари оддий ҳолга айланганидан қувонмай, ҳайратланмай бўладими?

Мураббий ҳақ. Бугун ёшларимизнинг Осиё ва жаҳон чемпионатлари, олимпия ўйинларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишини қандайдир табиий, гўё шундай бўлиши керакдай қабул қилишга ўрганиб қолдик. Ваҳоланки, бунинг ортида қанча меҳнат, қанча заҳмат ва машаққат ётгани, қанча маблағ сарфлангани ҳақида кўп ҳам ўйлайвермаймиз.

– Туманларда замонавий болалар спорти иншоотлари барпо этилаётгани, мавжудлари реконструкция қилиниб, зарур спорт анжомлари билан таъминланаётгани ёшларни спортга жалб этиш ва маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Жиззах вилояти филиали директори Ўктам Маматқулов. – 2003-2013 йилларда вилоятда жамғарма томонидан 105 болалар спорти иншооти янги қурилди ва реконструкция қилинди.

Бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ўтган йили болалар спорти иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури асосида Зомин, Янгиобод туманларида болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Бахмал, Жиззах, Зомин, Ғаллаорол, Зарбдор туманларида биттадан мактабда 12х24 ўлчамдаги спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жиззах шаҳридаги "Универсал" спорт мажмуаси, Зомин туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилди. Зарбдор туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси капитал реконструкция қилинди. Жиззах шаҳридаги бокс ҳамда теннисга ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари биноси капитал таъмирланди. Бу ишларга Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 4 миллиард 621 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

– Туманимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 1 миллиард 562 миллион сўмлик реконструкция ишлари бажарилгач, имкониятларимиз янада кенгайди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Зарбдор тумани вакили Улуғбек Қорабеков. – Бу ерда 700 га яқин ёшлар спортнинг бокс, миллий кураш, дзюдо, волейбол, футбол, бадиий гимнастика, стол тенниси, белбоғли кураш ва шахмат-шашка турлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилди.

Президентимизнинг 2010 йил 5 майдаги “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида турли спорт иншоотларининг қувватларидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятдаги 545 умумтаълим мактабида фаолият юритаётган 2 минг 605 спорт секциясида 64 минг нафарга яқин ўқувчи шуғулланмоқда. 75 касб-ҳунар коллежи ва 4 академик лицейдаги 1 минг 235 спорт секциясига 31 мингдан ортиқ ўқувчи жалб этилган.

Давлатимиз томонидан қишлоқ жойлардаги мактабларда фаолият кўрсатаётган мураббияларни моддий рағбатлантириш бўйича белгиланган имтиёзлар қизларни спортга кенг жалб этишда юксак самаралар бермоқда. Айни пайтда халқ таълими тизимида қишлоқ мактабларида ишлаётган 179 нафар жисмоний тарбия ўқитувчисининг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз устама ҳақ тўланмоқда.

Спорт иншоотларини қуриш билан бирга, спортнинг оммавийлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили вилоят халқ таълими бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уч юздан ортиқ спорт мусобақаси ташкил этилди. Ушбу мусобақаларда иштирок этган 22 мингдан ортиқ ўқувчининг 7 минг 940 нафари қизлардир.

– Президентимиз раҳнамолигида болалар спортига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишдек эзгу мақсадларимиз амалга ошмоқда, – дейди Пахтакор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Баҳодир Мирзақулов. – Яратиб берилаётган шароитлар самарасида тарбияланувчиларимиз мамлакатимиз ва халқаро мусобақаларда юксак марраларга эришмоқда. Улар орасида қишлоқ ёшларининг сони ортиб бораётгани янада қувонарлидир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА