ЎзА Ўзбек

29.12.2014 11:58 Болалар спорти

Иқтидорли спортчилар маскани

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни спортга кенг жалб этиш, уларни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишга қаратилаётган юксак эътибор самарасида спорт билан шуғулланувчи ўғил-қизлар сафи кенгайиб бормоқда.

Пoйтaxтимизнинг Яккасарой тумaнидaги 38-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш, маҳоратли спортчилар ва мураббийлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшаётган масканлардан.

Мазкур спорт мактаби 2006 йилдан болалар спорт мажмуаси сифатида фаолиятини бошлаган. 2014 йил апрель ойидан бошлаб болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мақомини олгач, муассасадаги тўгараклар фаолияти янада такомиллашди, унга қатновчилар сафи кенгайди.

Спoрт мaктaбидаги футбол, бадминтон, бокс, бадиий гимнастика, таэквондо (WTF), кураш, кикбоксинг ва универсал жанг каби секцияларда 500 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда.

Болалар машғулотларда 70 турдан зиёд спорт жиҳозлари ва инвентарларидан фойдаланади. Бугунги кунда 13 нафар олий маълумотли мураббий ўғил-қизларга спорт сир-асрорини ўргатиб, тарбияланувчиларнинг тажриба ва маҳоратини ошираётир.

– Мaктaбимиз зaмoнaвий спoрт aнжoмлaри билaн тўлиқ жиҳoзлaнгaн, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Алишер Омонов. – Тарбияланувчиларимиз ўқув масканимиздан ташқари, пойтахтимизнинг Учтепа, Чилонзор ва Сирғали туманларидаги умумтаълим мактабларида футбол, бокс ва бадминтон бўйича спорт секцияларида машғулот ўтказишади.

Мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келаётган Азизбек Исроилов 10 ёшидан бошлаб спортнинг кикбоксинг ва универсал жанг турлари бўйича тажрибали мураббий Бахтиёр Аъзамов қўли остида маҳорат оширмоқда. Азиз 2012-2014 йилларда кикбоксинг бўйича уч карра мамлакат чемпионлигини қўлга киритган.

– Йирик мусобақаларда қатнашишни болаликдан oрзу қилардим, – дейди у. – Мактабимизда спорт билан шуғулланишимиз учун яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, ниятимга эришмоқдаман. Ютуқларим келгусида янада юксак марраларни забт этишимда куч-ғайрат бағишлайди.

Спорт мактабида Азизбек сингари ёшлар кўп. Кикбоксинг, бадминтон, универсал жанг бўйича Беҳзод Тўлаганов, Сардор Ниғматов, Виктория Чумак каби кўп карра мамлакат чемпионлари етишиб чиқмоқда.

– Келаси йили Хоразм вилоятида ўтказиладиган “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларида бадминтон бўйича Тошкент шаҳри шарафини ҳимоя қиламан, – дейди Ўзбекистон чемпиони Виктория Чумак. – Ушбу мусобақага пухта тайёргарлик кўряпман. Мақсадим – келгусида жаҳон ва қитъа чемпионатларида қатнашиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.

Нурилло Насриев, ЎзА