ЎзА Ўзбек

09.01.2015 12:12 Болалар спорти

Соғлом турмуш асоси

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ўтган йиллар давомида Фарғона вилоятида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 164 болалар спорти иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу масканларнинг замонавий анжомлар билан таъминлангани ёш спортчиларнинг мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритишига пухта замин яратмоқда.

– 2014 йилда Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мукаммал таъмирланди, 6 умумтаълим мактабида спорт заллари қурилди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Фарғона вилояти филиали директори Маъруфжон Турдиматов. – Бундай шароит ва имкониятлар самарасида спорт билан шуғулланаётган ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 5 майда қабул қилинган “Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат асосида ўғил-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, болалар спорти иншоотларидан самарали фойдаланишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётир.

Спорт нафақат саломатликни мустаҳкамлаш, балки юрт довруғини жаҳонга танитишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён биргина Фарғона вилоятидан 77 нафар жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани фикримиз исботидир.

Албатта, бундай юксак натижаларга эришишда мураббийларнинг хизматини алоҳида эътироф этиш керак. Бугунги кунда спорт иншоотларида 1 минг 800 га яқин мураббий фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 306 нафари хотин-қиздир. Ҳар бир умумтаълим мактаби республика Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стол тенниси жиҳозлари билан таъминланиши натижасида умумтаълим мактабларида спортнинг мазкур тури билан шуғулланаётган қизлар сони 56 минг нафарга етди.

Ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Умид ниҳоллари”, “Қувноқ стартлар”, “Соғломжон – Полвонжон”, “Ёзги таътил”, “Баҳор маликалари”, “Футболимиз келажаги”, “Болалар лигаси” ва бошқа спорт мусобақалари яхши самара бермоқда. Айни пайтда вилоятда фаолият кўрсатаётган 64 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида янги спорт секцияларини ташкил этиш ва уларга ёшларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Спорт турлари бўйича туман, шаҳар ва вилоят биринчилиги мусобақаларини ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган. Хусусан, ўтган йили ҳамкор ташкилотлар билан 587 оммавий спорт тадбири ўтказилиб, уларда 25 мингдан зиёд ўқувчи-ёш иштироки таъминланди.

Президентимиз раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва дуркун бўлиб вояга етишига хизмат қилаётир.

М.Сулаймонов, ЎзА