ЎзА Ўзбек

14.01.2015 15:44 Болалар спорти

Баркамол авлод – келажак пойдевори

Баркамол авлод – келажак пойдевори

Қорақалпоғистон Республикасида болалар спортини ривожлантириш, барча шароитга эга спорт иншоотларини барпо этиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 110 мингга яқин ёш, жумладан, 46 минг нафарга яқин қиз спортнинг йигирмадан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларга спорт сирларини ўргатаётган 750 мураббийнинг 176 нафари аёлдир.

Воҳада қизлар ўртасида бадиий гимнастикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг олис овулларда ҳам спортнинг мазкур тури бўйича тўгараклар ташкил этилган. 2 мингдан ортиқ қиз бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланаётир.

– Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори А.Еримбетов. – Ҳар бир ёш йигит-қиз спортнинг у ёки бу турига қизиқиши табиий ҳол. Улар учун етарли шароит яратиб бериш жамғармамиз олдида турган асосий вазифадир. 2014 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилган 13 миллиард 770 миллион сўм маблағ эвазига битта болалар спорт мажмуаси, учта мусиқа ва санъат мактаби, бешта спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал реконструкция қилинди.

Теннисга ихтисослаштирилган Нукусдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 27 миллион сўмликдан зиёд спорт анжомлари билан таъминланди. Айни пайтда бу ерда 600 дан зиёд бола шуғулланмоқда. Мактаб тарбияланувчилари турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгалламоқда.

Нукусдаги 4-республика бадиий гимнастика мактабида 560 нафар қизга 8 малакали мураббий нафис спорт туридан сабоқ бераётир. Ўтган йили мактаб тарбияланувчиларидан Бибиноз Жўлдасбоева, Айдана Худайбергенова, Гулчеҳра Нажимова, Нигора Қалназарова Бухоро ва Термиз шаҳарларида ўтказилган мусобақаларда совринли ўринларни эгаллади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай эзгу ишлардан кўзлаган мақсадимиз аниқ. Президентимиз таъбири билан айтганда, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ.

Шу маънода болалар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар баркамол авлодга бўлган ана шундай юксак ишончимизни рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА