Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.12.2015 14:24 Болалар спорти

Ўқувчиларга Янги йил совғаси

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг янгидан бунёд этилган спорт зали фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида олис қишлоқ ва овулларда ҳам муҳташам ва замонавий спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг молиявий кўмагида қад ростлаган мазкур спорт зали ҳам ана шу эътиборнинг ёрқин намунасидир.

“Нукуссантехмонтаж” механизациялашган кўчма колоннаси қурувчилари томонидан қарийб 600 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган спорт залида барча шароит яратилган. Машғулотлар ўтказиш, ювиниш, шифокор ва мураббийлар хоналари замонавий жиҳозланган.

– 12х24 метр ҳажмдаги янги спорт зали жамғарма томонидан 32 турдаги спорт анжомлари билан таъминланди, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Мўйноқ тумани вакили Руслан Жусипбоев. – Бу ерда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит мавжуд. Айни пайтда туманда 1 минг 430 дан ортиқ ёш спорт билан шуғулланмоқда. Спорт билан мунтазам шуғулланувчи 500 га яқин боланинг 218 нафари қизлардир.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА