ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Янги қонун 

Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни жорий йил 6 ноябрдан кучга кирди.

Қонун 5 моддадан иборат бўлиб, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган яшаш гувоҳномаси билан истиқомат қилиши, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, яшаш гувоҳномасини қасддан яроқсизлантириши, бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида яшаш гувоҳномасининг йўқолиши учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи меъёрлар жорий этилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан яшаш гувоҳномасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган.

Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддаси янги норма билан тўлдирилиб, унда ўн саккиз ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги ҳам белгилаб қўйилди.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун белгиланган жаримани тўламаган тақдирда, у кейинчалик Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи бир йил муддатга чекланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилар эди. Эндиликда ушбу қоидаларни бузишни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этган тақдирда, у кейинчалик Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу билан бирга, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузишининг олдини олиш, шунингдек, юртимизда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатининг ошишига хизмат қилади.

Рашид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

2 008
ЎзА