ЎзА Ўзбек

31.12.2019 Чоп этиш версияси

​Ўзбекистон Президентининг Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

​Ўзбекистон Президентининг Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутладилар.

2019 йил мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим бўлгани мамнуният билан таъкидланди. Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида киришининг тарихий аҳамияти қайд этилди.

Турли даражадаги алоқалар сезиларли фаоллашди, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилиб, илмий-техник ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Мулоқотда Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар сиёсат, иқтисодиёт, транспорт коммуникациялари, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

3 154
ЎзА