ЎзА Ўзбек

13.03.2018 08:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Тожикистон ички ишлар органлари ҳамкорлиги

Бу жараёнда терроризм, сепаратизм, экстремизмнинг турли кўринишлари, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, тезкор ахборот алмашишни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири Р.Рахимзода ўртасида бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда келишиб олинди. 

Мазкур учрашув 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди. 

Томонлар идоралараро Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи фаолияти юзасидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни самарали ташкил этишни давом эттириш, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларининг чегара ҳудудларидаги ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлиги, икки мамлакат ички ишлар вазирликлари Академиялари делегацияларини алмашиш йўли билан кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича шериклик муносабатларини кенгайтиришга оид қатор таклифларни ҳам кўриб чиқди.

Муҳокама қилинган масалалар ҳар икки қардош мамлакат ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорликдаги устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.



ЎзА
10 294