ЎзА Ўзбек

24.10.2012 19:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонлари мулоқоти

Пойтахтимизда 24 октябрь куни Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг сармоявий салоҳияти ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига бағишланган симпозиум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда икки мамлакатнинг савдо, сармоя, иқтисодиёт, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, ахборот технологиялари, фармацевтика, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, концерн ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори иқтисодий соҳада ҳам жадал ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрни кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, чет эл сармоясини жалб этиш ва ундан фойдаланиш бўйича пухта шаклланган механизм энг ривожланган давлатларни ҳам юртимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга ундамоқда.

Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар каби йўналишларда изчил ривожланиб бораётир. Иқтисодий соҳада мамлакатларимиз ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилаётир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2011 йилда 2 миллиард 596 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Мамлакатимизда чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит хитойлик ишбилармонларнинг ҳам ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. Ўзбекистонда Хитойнинг сармояси иштирокида тузилган 382 қўшма корхона, 65 фирма ва компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Симпозиумда хитойлик меҳмонлар юртимизда давом этаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар борасидаги ўзгаришлар билан танишдилар. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонаси имкониятлари, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.

– Ўзбекистон – иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлардан, – деди Хитойнинг Тунсян шаҳри мэрининг ўринбосари Пан Минфан хоним. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йилнинг июнь ойида Хитойга расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятларини очди. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари жадал тараққий этаётгани ва ўзаро савдо айланмаси ҳажми муттасил ошиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради. Ташриф доирасида VI Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этиш ҳамда Ўзбекистон саноати салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Тунсян – ипакчилик кенг тараққий этган шаҳар. Бизда тўқимачилик ва енгил саноат ҳам жуда яхши ривожланган. Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий муносабатларни тараққий эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишидаги алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқиш ва ҳамкорликда кўплаб қўшма корхоналар ташкил этиш тарафдоримиз.

Анжуманда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодиёт, сармоя, савдо, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, тўқимачилик ва енгил саноат, геология, фармацевтика каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.


ЎзА, Ирода Умарова
12 155