ЎзА Ўзбек

02.08.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро муносабатларнинг янги, янада самарали босқичига қадам қўймоқда

Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро муносабатларнинг янги, янада самарали босқичига қадам қўймоқда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 31 июль – 1 август кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 1 август куни Минск шаҳридаги Мустақиллик саройида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари таклиф ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Беларусь билан шериклик муносабатларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратишини қайд этди.

– Сизнинг Ўзбекистонга тарихий ташрифингиздан, музокараларимиздан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда янги ва аниқ мазмун билан бойиди ва бу ўз самарасини бермоқда. Давлатларимиз ҳудудлари ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилгани бунга ёрқин мисолдир. Биз ўзаро алмашувлар учун яхши пойдевор яратдик. Барча даражаларда ҳамкорлик қилишга иштиёқ бор. Бугун биз эришилган натижаларни таҳлил қилишимиз, шунингдек, истиқболда муваффақиятли ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган ўсиш нуқталарини биргаликда белгилаб олишимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Беларусь Президенти олий мартабали меҳмонни қутлаб, ҳамкорликда қисқа фурсатда катта натижаларга эришилаётгани, мазкур ташриф уни янада юқори босқичга олиб чиқишини таъкидлади.

– Охирги икки йилда Сиз билан биргаликда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бутунлай ўзгартириб юбордик, моҳиятан, уларни янгидан йўлга қўйдик. Шу вақт ичида амалга оширган ишларимиз ўтган 25 йил давомида қилинганидан ҳам ортиқ бўлди. Давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди, уни изчил ошириб бориш лозим. Сизнинг ҳудудларни ҳамкорлик билан ўзаро боғлаш борасидаги ташаббусингиз – ушбу ташрифнинг ўзига хос жиҳати. Ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифлари уюштирилди, кўргазмалар ва маданият кунлари ташкил этилди. Буларнинг барчаси Беларусга ташрифингиз аҳамиятини янада оширади. Энг асосийси, маҳаллий маъмуриятлар бошлиқлари ҳамкорликка доир кўплаб шартномалар имзолади. Бизнинг ишимиз – йўлни очиб беришдан иборат эди ва биз бунинг уддасидан чиқдик, – деди Александр Лукашенко.

Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги кейинги йилларда анча фаоллашди. Давлатлараро муносабатлардаги янги муҳит халқларимиз ҳаётида акс этмоқда. Икки мамлакат тармоқлари, ҳудудлари ва бевосита ишбилармонлари яқин алоқаларни йўлга қўйди. Бу икки томон ҳам ўзаро манфаатли, дўстона ҳамкорлик тарафдори эканининг ёрқин ифодаси бўлди.

Ўзбекистон Президентининг Беларусга илк расмий ташрифи арафасида ташкил этилган тадбирлар сермазмун ва ғоят натижадор бўлгани бунинг далилидир.

Мамлакатларимиз халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Президентларимиз турли саммитлар майдонида ҳам учрашувлар ўтказиб, ўзаро алоқаларнинг истиқболли йўналишлари бўйича доимий мулоқот қилиб келмоқда.

Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, транспорт-коммуникация йўлакларини ривожлантириш, саноат кооперациясини ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўлиб қолмоқда.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати, ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштириш мақсадида кооперацияни кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, беларуслик шериклар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳамкорлиги истиқболлари кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокара расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирилди. Унда ўзаро савдо кўламини ошириш, минтақалараро ҳамкорлик учун янги йўналишлар очиш, илм-фан, инновациялар, рақамли технологиялар, таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари кейинги икки йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 4 баробар ўсганини, бу суръатни сақлаб қолиб, савдо айланмасини янада ошириш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес форум ва кўргазмаларни кўпроқ ташкил этиб, ўзаро манфаатли йўналишларни аниқлаш ва барча имкониятларни тўлиқ ишга солиш муҳимлигини қайд этди.

Ўзбекистон Беларусга тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё саноати маҳсулотлари, рангли металл ва ундан тайёрланган ускуна ва буюмлар, транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар экспорт қилади. Беларусь мамлакатимизга қишлоқ хўжалиги техникаси, озиқ-овқат товарлари, ёғоч, резина ва каучук, қора металл ва бошқа маҳсулотлар етказиб беради.

Президентимиз Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия савдо оқимини чуқур таҳлил қилиб, товар айирбошлаш ҳажмини жадал ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлади. Ўзаро тажриба ва технологиялар алмашиш орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар билан ҳам ички, ҳам учинчи давлатлар бозорини тўлдириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Александр Лукашенко Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлиги шунчаки дўстона муносабатлар билан чекланмаслигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташрифининг кўп қиррали дастури мулоқотни ҳар томонлама ривожлантиришга ўзаро интилишнинг ёрқин тасдиғи бўлганини қайд этди.

Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилишда катта ютуқларга эришди, автомобилсозлик, нефть-газ кимёси саноати, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш каби янги тармоқлар ташкил этилди. Беларусь қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр, – деди Александр Лукашенко.

Беларусь узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини амалга ошириш, қўшма корхона ва сервис марказларини ташкил этиш, сутни қайта ишлаш замонавий мажмуалари, фармацевтика қувватларини ишга тушириш, ахборот технологиялари соҳасида шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик, чарм-тери ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида кооперацияни янада кучайтириш ҳам устувор йўналишлар экани таъкидланди.

Икки мамлакат ҳудудларидаги мавжуд салоҳиятни тўла юзага чиқариш бўйича якдил фикр билдирилди. Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Минскда ўтган форумда томонларнинг ҳамкорликка интилиши қатъийлиги, ўзаро манфаатли лойиҳалар кўплиги намоён бўлди.

Фан, инновациялар, рақамли технологиялар, таълим соҳалари ўзаро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Чунки буларсиз ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболини белгилаб бўлмайди.

Беларуснинг рақамли технологиялар, дастурлаш ва ахборот коммуникацияларини жорий этиш борасидаги илғор тажрибасига қизиқиш кучли. Музокарада таълим соҳасига тегишли дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, биргаликда тадқиқотлар олиб бориш, қўшма факультет ва лабораториялар очиш, уларга ёшларни жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик тобора фаоллашмоқда. Ўтган йили Беларусь Президентининг ташрифи доирасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети базасида Беларусь – Ўзбекистон таълим маркази очилди. Бугунги кунда икки мамлакатнинг 15 олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Юртимизда фан, маданият, санъат ва бошқа соҳалардаги ўзгаришларда беларусь миллатига мансуб юртдошларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Тошкент шаҳрида "Свитанак" беларусь маданият маркази самарали фаолият олиб бормоқда. Унинг бир неча фаоли Президентимиз фармонига кўра давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Ўтган йили Тошкентда атоқли беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Коласнинг бюсти ўрнатилган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида куни кеча Минск шаҳрида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бюсти очилгани халқларимизнинг маданий алоқалари янги босқичга кўтарилганининг яна бир яққол ифодаси бўлди.

Музокаралар якунида қабул қилинган қарорлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш бўйича қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинди.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 11 ҳужжат имзоланди. Улар ишлаб чиқариш ва илмий-техник кооперация, ҳудудлараро ва инвестициявий ҳамкорлик, таълим, оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва полиграфия фаолияти, ахборот-коммуникация технологиялари, божхона ва бошқа соҳаларга тааллуқлидир.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда давлат раҳбарлари музокаралар очиқ ва конструктив руҳда ўтгани, ўзаро манфаатли келишувларга эришилганини таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбари музокаралар ғоят самарали бўлгани, томонларнинг якдил фикри ва сиёсий иродаси туфайли барча масалаларда ижобий натижаларга эришилгани, муносабатлар мутлақо янгича тарзда ривожланишда давом этишини таъкидлади.

– Яхши анъанага айланган доимий учрашувларимиз Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга мустаҳкам асос яратди. Бугун дўстона муҳитда ўтган музокараларда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, истиқболдаги янги вазифаларни белгилаб олдик. Эришилган келишувлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инновацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Беларусь Президенти ўтган йили мамлакатларимиз ўзаро савдо айланмаси охирги йиллардаги энг юқори кўрсаткичга чиққани, бу ижобий тенденция жорий йил ҳам давом этаётганини таъкидлади.

– Музокараларимиз ўзаро ишонч ва дўстона руҳда ўтди ҳамда Беларусь ва Ўзбекистон стратегик шериклар эканини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистоннинг кейинги уч йилда эришаётган муваффақиятлари дўст сифатида бизни жуда қувонтиради. Мамлакат раҳбарияти иқтисодиёт тармоқларини нафақат модернизация қилаяпти, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инқилобий ўзгаришларни амалга ошираяпти, янги йўналишларни ҳаётга татбиқ этаяпти. Бу ҳамкорлигимиз янада самарали бўлишига умид бағишлайди, – деди Александр Лукашенко.

Томонлар бундан буён ҳам халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишини тасдиқлади.

Ташриф арафасида Минскда ўтган ҳудудлараро форумда икки мамлакат шаҳар ва вилоятлари ўртасида 12 ҳужжат, шунингдек, умумий қиймати қарийб 300 миллион доллар бўлган шартнома ва битимлар имзолангани қайд этилди.

Шу кунларда Беларусда давом этаётган Ўзбекистон маданияти кунлари ёрқин воқеа бўлиб, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко ҳамроҳлигида Фахрий меҳмонлар боғига ташриф буюриб, халқларимиз дўстлиги ва биродарлигининг рамзи сифатида кўчат ўтқазди.

Куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбарлари Минскда ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остидаги миллий маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюрди.

Мамлакатимизнинг кенг турдаги маҳсулот ва хизматлари учун «БелЭкспо» миллий кўргазмалар марказида алоҳида мажмуа ажратилган.

3 минг квадрат метрлик ёпиқ манежда 25 та эксклюзив стендлар қурилиб, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзсаноатқурилишматериаллари”, “Ўзтрейд”, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари каби етакчи компания ва уюшмалар, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентликлари маҳсулотлари кўргазмага қўйилган. 500 квадрат метр очиқ майдонда эса автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, юк машиналари, автобуслар ва бошқа товарлар намойиш этилмоқда.

Кўргазмада ўнта вилоятимиздан юздан зиёд корхона ва тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Юртимизнинг туризм салоҳияти тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

29 июль куни очилган ушбу кўргазмага Беларуснинг барча ҳудудларидан ишбилармон доиралар, савдо ва саноат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари келмоқда.

Александр Лукашенкога мамлакатимиз компанияларининг қуввати ва салоҳияти, маҳсулотларнинг сифати ҳақида сўзлаб берилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон компания ва агентликларининг мутасаддиларига Беларусдаги манфаатдор корхоналар билан кооперацион алоқаларни ўрнатиш, қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимиз Беларусь Бош вазири Сергей Румас ҳамроҳлигида Минск шаҳридаги “Беларусь” юқори технологиялар парки фаолияти билан танишди.

Ушбу парк 2005 йилда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қулай муҳит яратиш, шу орқали мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. 2014 йилда унга қатор имтиёзлар берилиб, фаолият йўналишлари кенгайтирилган.

Бугунги кунда мазкур парк дастурлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт тармоқлари учун инновацион ечимлар, консалтинг ва бошқа йўналишларда етакчи марказлардан бирига айланган. Бу ерда ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларнинг 90 фоиздан зиёди экспорт қилинмоқда, 67 мамлакат компаниялари уларнинг буюртмачилари ҳисобланади.

Президентимизга паркда банк-молия, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва бошқа соҳалар учун яратилган инновацион ечим ва ишланмалар ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур технопарк резидентлари имкониятларининг Ўзбекистонда тақдимотини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш бўйича алоқаларни кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи ниҳоясига етди.


12 200
Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА