Ўзбекистон – Туркия: ҳамкорликнинг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга келди.
Анқара, 25 октябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга келди.
Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Эсонбуға халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бекир Боздағ ва бошқа расмий кишилар кутиб олди.
Шавкат Мирзиёев Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия Республикаси Президенти саройида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли. Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти Ўзбекистонга фойда келтиради.
2016 йил ноябрда Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи Туркия Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини намоён этди. Давлат раҳбарлари жорий йил 14 май куни Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми, 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида музокаралар ўтказди. Шунингдек, сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашди.
Мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги ўзаро ташрифлар фаоллашди. Жорий йилнинг ўзида Туркия Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, миллий мудофаа вазири бошчилигидаги делегациялар Ўзбекистонда, мамлакатимиз Бош вазири ўринбосарлари, мудофаа вазири раҳбарлигидаги делегациялар Туркияда бўлди. Қатор қўшма тадбир ва форумлар ўтказилди. 25 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси, 30 сентябрь Тошкентда ва 6 октябрь кунлари Истанбулда ўтган бизнес-форумларда ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2016 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида юртимизда ушбу мамлакат сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди.
Музокарада ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.
Икки мамлакатда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича якдил фикр билдирилди. Хусусан, Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Шу мақсадда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссияси мажлисларини мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади.
Энергетика ва фойдали қазилмалар, жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергияни тежаш ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш қўллаб-қувватланди.
Транспорт ва логистика масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатларимизни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим омил бўлиши қайд этилди. Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида транзит тарифларини мақбуллаштириш ва преференциялар тақдим қилишга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни мамнуният билан қайд этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.
Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга боришни истаган Туркия фуқаролари учун визалар тез ва осон тақдим этилади.
Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқиндир.
Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар.
Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўрмон хўжалигини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, тупроқ деградацияси ва чўлланишга қарши курашиш борасида тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолайди. Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда ташкил қилинаётган Ислом цивилизацияси маркази бу борада улкан аҳамият касб этади. Олимлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар, маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганишга қаратилган лойиҳалар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар.
Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.