ЎзА Ўзбек

11.06.2019 19:11 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – ШҲТ: халқаро миқёсдаги ташаббуслар рўёби

Ўзбекистон – ШҲТ: халқаро миқёсдаги ташаббуслар рўёби

Хитойда 2001 йил 15 июнда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти декларацияси қабул қилинди ва дунё сиёсий тарихида янги минтақавий тузилмага асос солинди.

Ўзбекистон ташкилот аъзоси ва асосчиларидан бири сифатида ШҲТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоридир. Мамлакатимиз бугунги кунда ШҲТнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бугунги кунда ташкилотнинг салмоқли шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилган, 30 га яқин ишчи органи фаолият кўрсатиб келмоқда. ШҲТ Евроосиё минтақаси умумий ҳудудининг 60 фоизини ташкил қилади. Унга аъзо давлатлар ҳудудида 3 миллиардга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Буни ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиёти дунё иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил қилаётгани ҳам тасдиқлайди.

Жаҳонда нуфузи ортиб бораётган ташкилотнинг турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, тинчлик, фаровон ҳаётга эришишдек эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришда қароргоҳи Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

ШҲТга ҳар йили аъзо мамлакатлардан бири раислик қилади. Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги даврида кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, хавфсизлик кенгашлари котиблари учрашувлари механизми яратилди, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасига раислик қилиш тартиби ва ШҲТ кузатувчиларининг ташкилотдаги мақоми белгиланди. Шунингдек, БМТ билан алоқалар ўрнатилди, ташкилотга янги аъзолар қабул қилиш қоидалари тасдиқланди, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолиги мақомини қабул қилишларидаги мажбуриятлари акс этган меморандум имзоланди.

Бугун дунё терроризм ва экстремизм хавфи билан юзланмоқда. Аксар ҳолларда ёш авлод вакилларининг ушбу таҳдидлар гирдобида қолаётгани унинг хавфини янада ошираётир.

Шу маънода Президентимиз 2017 йил июнь ойида Нур-Султон шаҳрида ўтган саммитда ёш авлодни турли террористик ва радикал тузилмалар фаолиятига жалб этилишига йўл қўймаслик бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, уларнинг маънавий-ахлоқий баркамол авлод бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

Соф ислом маърифатини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ишида ташкилотга аъзо давлатлар диний идораларини иштирок этишга чақирди. Бунинг миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашдаги ўрни юқори экани барча иштирокчилар томонидан эътироф этилди.

Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори. Мамлакатларнинг жаҳон бозорига қисқа йўллар орқали чиқиш имкониятларини кенгайтириш эса бу каби мақсадларни рўёбга чиқаришда алоҳида аҳамиятга эга.

ШҲТ доирасида икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Аммо кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларида бундай ўсиш суръати кузатилмайди. Айни шу жиҳатлар транспорт-логистика имкониятларини бирлаштиришдаги интилишларнинг мутаносиб эмаслигида ҳам яққол намоён бўлади. Шу боис давлатимиз раҳбари саммитда ШҲТ давлатлари темир йўл соҳаси раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил қилиш зарурлигини қайд этди. 2018 йилнинг сентябрь ойида эса ушбу форматдаги илк учрашувга Тошкент мезбонлик қилди.

Шавкат Мирзиёев 2017 йили Нур-Султон шаҳрида ўтган саммитда Халқ дипломатиясининг мунтазам фаолият олиб борувчи институтларини ташкил этиш таклифини илгари сурганда ана шундай мақсадларга эришишни кўзда тутган эди.

2018 йил 10 июнь куни Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитида Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига мувофиқ, ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди.

Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилгани, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил қилингани мамлакатимизнинг ШҲТ мажлисларида илгари сурган ташаббуслари натижасидир.

Мамлакатимиз тинчлик, ҳамкорлик ва интеграция ғояларига асосланиб юритаётган фаол ташқи сиёсатнинг амалий натижалари унинг жаҳондаги нуфузи ошиб, халқаро ташкилотлар бошқарув тизимидаги ўрни кенгайиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов 2019 йил 1 январдан ШҲТ Бош котиблигига тасдиқлангани бунинг ёрқин далилларидан биридир.

Шу кунларда Бишкекда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига катта ҳозирлик кўрилмоқда. Учрашув Ўзбекистоннинг хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникациялари, туризм, қишлоқ хўжалиги ҳамда минтақалараро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича ташаббусларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш имконини беришига шубҳа йўқ.

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА
5 216