ЎзА Ўзбек

02.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон - Россия: икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришда парламентларнинг роли муҳим

Ўзбекистон - Россия: икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришда парламентларнинг роли муҳим

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2 октябрь куни Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг сиёсий иродаси ва қатъий саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон - Россия стратегик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқич бошлангани таъкидланди.

Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар суръати муттасил ошиб бормоқда. Бу икки мамлакат манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Томонларнинг интилиши, давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлади, икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларини ривожлантиришга кучли туртки берди.

Учрашувда парламентлараро алоқалар фаоллашгани таъкидланди. Фақатгина ўтган йилда парламент даражасида 10 дан ортиқ ташриф амалга оширилди. Парламентлар ўртасидаги самарали мулоқот Ўзбекистон – Россия муносабатларини, жумладан, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилишига урғу берилди.

Мамлакатларимиз парламентлари ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия муваффақиятли фаолият юритмоқда. Томонлар комиссиянинг ўтган даврдаги фаолияти якунларига ижобий баҳо берди. Ҳозирги вақтда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришда Парламентлараро комиссиянинг ролини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Суҳбат чоғида Т.Норбоева жорий йилда Ўзбекистонда ўтадиган парламент сайловида Федерация Кенгаши ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси вакилларини халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этишга таклиф қилди. Бундан ташқари, Сенат ва Федерация Кенгаши ўзаро муносабатлар доирасида ҳамкорликнинг бир қатор йўналишларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбарларининг музокараларида эришилган келишувларни амалга оширишда парламент ресурсларидан фойдаланиш, икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий базани фаол шакллантириш шулар жумласидан.

Тадбирда бундан буён ҳам Ўзбекистон билан Россия ўртасида узвий парламентлараро мулоқотни таъминлаш зарурлиги билдирилди. Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, икки томонлама шартнома ва битимларни ратификация қилиш масалаларини жадаллаштириш соҳасида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг девони ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Шундан сўнг икки мамлакат парламентлари палаталари раислари оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида чиқиш қилди.

– Президентларимиз ташаббуси билан Ўзбекистон – Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамланиб бормоқда. Икки давлатни доимо дўстлик ришталари боғлаб келган. Сўнгги йилларда барча соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш бўйича жадал ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Биз бугун минтақавий ҳамкорликка урғу берган ҳолда, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олдик, – деди Танзила Норбоева.

– Ўзбекистон Россиянинг энг яқин стратегик ҳамкори, иттифоқдоши. Ўтган уч йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Россиядан Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар ҳажми бугунги кунда юқори ўринга чиқди. АЭС қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳамкорлик тенг ҳуқуқли асосда, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, ўзаро ҳурмат руҳида йўлга қўйилган. Давлатларимиз ҳамкорлигида парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутади. Олий Мажлис Парламентлараро ассамблея оиласига қайтгани қувонарли ҳолдир, – деди Валентина Матвиенко.

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Россия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

5 131
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА