ЎзА Ўзбек

19.10.2012 21:20 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2012 йил 19 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан республика Ҳукуматининг 2012 йил 19 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига мувофиқ жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда республикни ривожлантиришнинг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини, энг аввало, таркибий қайта ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни диверсификациялаш, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция жараёнларини тубдан кенгайтириш, шунингдек, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, аҳоли бандлигини, ҳаёт ва турмуш даражасини ошириш ҳисобига ўстириш бўйича ишларнинг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.

Ривожланишнинг эволюцион йўлига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, ҳаммага маълум бўлган беш тамойилга асосланган мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг мамлакатда танланган моделининг изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилиши туфайли фақат Ўзбекистон иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётида давом этаётган инқироз ҳодисаларининг салбий таъсирига ишончли равишда қарши турибгина қолмай, балки макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,2 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 7,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 9,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,6 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 13,8 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичлардан ошмади.

Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 12,4 фоизга кўпайди.

Ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 18,4 мингта янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этишга кўмаклашди. Ушбу соҳанинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 51 фоизгача кўпайди.

Мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар жараёнларини чуқурлаштириш бўйича чора-тадбирларнинг натижадорлигини атрофлича таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ва рақобатбардошли маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича қабул қилинган комплекс дастурларнинг тизимли амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг 9 ойида саноат ишлаб чиқаришини ўстиришнинг юқори суръатлари таъминланмоқда. Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,5 фоизга кўпайди, маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 25,2 фоизга ўсди, маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 957 та янги турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 6,2 триллион сўмликни ташкил қилди, улардан қарийб 840 миллион АҚШ доллари экспортга йўналтирилди.

Ҳокимликлар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари олдига саноат ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг мавжуд резервларини сафарбар этиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши сессиясида белгилаб берилган талабларга мувофиқ ишлаётган қувватлардан ва янги барпо этилган ишлаб чиқаришлардан фойдаланиш даражасини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари зиммасига 2012 йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларини сўзсиз таъминлашга ва кейинги йилларда ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юкланди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар раҳбарларининг эътибори 2013 йилнинг прогноз қилинаётган ишлаб чиқариш ҳажмлари учун VI Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси, шунингдек, тармоқ ярмаркаларида буюртмалар портфелининг ўз вақтида шакллантирилиши, талаб қилинадиган хомашё ва материаллар сотиб олиш юзасидан шартномалар тузилиши зарурлигига қаратилди.

Мажлис қатнашчилари томонидан 2012 йилги Инвестиция дастури бажарилишини ҳар томонлама ва батафсил муҳокама қилишга ҳамда ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўламларини кенгайтиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига жиддий эътибор қаратилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 9,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестицияларни ўзлаштиришнинг 9,6 фоизга кўпайиши таъминланганлиги таъкидлаб ўтилди. 882 та янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди, 106 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.

Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида бир қанча компаниялар, уюшмалар ва йирик корхоналар раҳбарлари фаолияти айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар учун танқид қилинди, улар олдига ушбу камчиликларни бартараф этиш ва амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича объектларни ўз вақтида фойдаланишга топширишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлисда транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг бажарилиши, шунингдек, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилишининг бориши танқидий таҳлил қилинди. Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбек миллий автомагистралининг умумий узунлиги 303 километр участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланганлиги қайд этилди. Узунлиги 73 километр бўлган "Жиззах-Булунғур" оптик-толали алоқа линиясини қуриш лойиҳаси амалга оширилди.

Мазкур масалани муҳокама қилишда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойларни ўз вақтида қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаганлиги учун Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари, "Қишлоқ қурилиш инвест" компанияси ва "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки раҳбарлари фаолияти танқид қилинди. Улар олдига янги қишлоқ уй-жой мавзеларида якка тартибдаги уй-жойлар ва зарур муҳандислик коммуникациялари қурилишини жадал тугаллашни таъминлайдиган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Кун тартиби доирасида мажлисда тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг иқтисодиёт тармоқларининг куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлиги ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва картошкани қишга ғамлаш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, барча агротехника тадбирлари комплексининг ўз вақтида амалга оширилганлиги, суғориш сувидан оқилона фойдаланилиши, шунингдек, қишлоқ меҳнатчиларининг маҳорати қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил олиш имконини берди, шу жумладан, қарийб 7,2 миллион тонна бошоқли дон ҳосили ва 3,4 миллион тонна пахта хом ашёси йиғиб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзбекэнерго" ва "Ўзтрансгаз" компаниялари, "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти, бир қанча вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг эътибори иқтисодиёт тармоқларининг, ижтимоий соҳа ва уй-жой фонди объектларининг 2012-2013 йилларнинг куз-қиш даврида ишлашга тайёрлиги ҳамда барқарор фаолият кўрсатиши, шу жумладан, газ етказиб берадиган ва энергия билан таъминлайдиган объектларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, истеъмолчиларга табиий газ, кўмир ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилиши юзасидан уларнинг шахсан масъул эканлигига қаратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва картошкани зарур ҳажмда ғамлашни тугаллашни тезлаштириш, шунингдек, ички бозорда улар нархининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймасдан аҳоли эҳтиёжини барқарор ва ишончли қондириш учун куз-қиш даврида сақлашга қўйилган захиранинг савдога тизимли қўйилишини таъминлаш вазифаси юкланди.

Мажлисда “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши ва аҳолининг, айниқса олинган мутахассисликларига мувофиқ касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларнинг бандлигини янада ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳам кўриб чиқилди. “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, ёш оилаларни ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, оила соғлиғини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантиришга, оиланинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганлиги қайд этилди.

Тизимли ва аниқ йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг 9 ойида республикада 773 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, уларнинг 486 мингтадан ортиғи ёки 62,9 фоизи қишлоқ жойларда яратилди.

Барча даражалардаги ҳокимликлар, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг асосий эътибори янги иш ўринлари ташкил этишнинг белгиланган параметрларини бажариш, шунингдек, жорий йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни иш билан тўлиқ таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилиши зарурлигига қаратилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш ҳамда келгуси йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун ишончли кафолатлар яратиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.

 


ЎзА
10 316