Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.10.2012 22:21 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши тўғрисида ахборот

2012 йил 25 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар истиқболи, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети ҳамда Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил 19 январда республика ҳукумати йиғилишида белгилаб берилган 2012 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тизимли ва мақсадли амалга оширилиши натижасида, мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш ва Давлат бюджети параметрларини муваффақиятли ижро этилиши таъминланаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Қатор ривожланган давлатларда давом этаётган инқирозий кўринишлар, улкан ҳажмдаги давлат қарзлари ва давлат бюджетининг ўта номутаносиблиги билан боғлиқ бўлган сабоқлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган пухта, ҳар томонлама ўйланган солиқ ва бюджет сиёсатининг яна бир бор тўғри ва самарали эканлигини тасдиқлайди. Охирги йилларда Давлат бюджети профицит билан бажарилиши республикада самарали амалга оширилаётган солиқ ва бюджет сиёсатидан, мамлакатнинг тўлов балансининг барқарорлигидан далолат бериб, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси доирасида иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини, кўрсатилаётган хизматлар, қурилиш-монтаж ишлари, капитал қўйилмалар ҳажмини, шунингдек, инфляция даражасини сақлаб туришни назарда тутувчи 2013 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлар истиқболлари бўйича марказий иқтисодий ва молиявий идораларнинг таклифлари ҳар томонлама таҳлил қилинди ва қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда иқтисодиётнинг юқори ўсиш ва барқарор суръатларини, макроиқтисодий мувозанатни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳани изчиллик билан ривожлантириш, иш ҳақини олдиндан ошириб бориш ва манзилли ижтимоий қўллаб-қуватлаш орқали мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашни назарда тутувчи солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, шунингдек, 2013 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси батафсил кўриб чиқилди.

2013 йилги солиқ сиёсати, ўтган йиллардагидек, хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини янада пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилганлиги такидланди.

Солиқ юкини янада камайтириш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг биринчи шкала бўйича энг кам ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга пасайтириш назарда тутилмоқда, бу эса ўз навбатида жисмоний шахслар ихтиёрида қарийиб 186 миллиард сўм, шу жумладан, энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан кам даромад олувчи 2,7 миллион кишига қўшимча 120 миллиард сўм даромад қолишига имкон беради.

Шунингдек, юридик шахсларнинг номоддий активлари, патент, лицензия, дастурий таъминот, муаллифлик ҳуқуқлари ва бошқалар мулк солиғи солиш объектидан чиқарилмоқда-ки, бу ўз навбатида корхоналар фаолиятида инновацияларни кенг жорий қилиш учун яна бир рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Солиқ сиёсати концепциясига киритилган ушбу ва бошқа рағбатлантирувчи чораларни амалга ошириш, келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини 2012 йилда кутилаётган 21,6 дан 21,3 фоизгача, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз бандга камайтиришни таъминлайди.

Бюджет сиёсати ва 2013 йил учун Давлат бюджетининг асосий йўналишларида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинмоқда, аҳолининг турмуш ва даромадлари даражасини янада ошиши, таълим ва соғлиқни сақлаш муасассаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишга қаратилган. Таъкидландики, жами харажатларнинг 59 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳани молиялаштириш учун мўлжалланган.

Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига 313 та умумтаълим мактаби, 228 та академик лицей ва профессионал коллежларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш назарда тутилган. 1500 дан ортиқ умумтаълим мактабларини ва 700 та академик лицей ва профессионал коллеж замонавий ўқув инвентарлари, компьютер ва ўқув лабораториялари билан жиҳозланади.

Келгуси йилда 54 та болалар мусиқа ва санъат мактаби ва 137 та спорт зали ҳамда 25 та болалар спорти объектини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш амалга оширилади.

2013 йилда 130 та ўринга мўлжалланган 3 та юқумли касалликлар шифохонаси, 400 ўринли 5 та сил санаторияси, шунингдек, 54 та туманда 5800 қатновга мўлжалланган ва 7600 нафар беморни қабул қиладиган тиббиёт муассасалари қурилиши ва реконструкцияси назарда тутилган. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига 150 та туман марказий шифохонасини 96 турдаги замонавий асбоб-ускуна, шу жумладан, рентген аппарати, рақамли ультратовушли сканер, биокимёвий анализатор ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозлашни молиялаштириш режалаштирилган.

Иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлашга 2,8 триллион сўм ёки жорий йилнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 22 фоиз кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни сув ресурслари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга 1,4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси орқали мелиорация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш дастурига харажатлар 227,5 миллиард сўмни ташкил этади, бу эса 300 минг гектардан зиёд экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини беради.

2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланиладиган ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йил учун тасдиқланган параметрларга нисбатан 1,69 маротаба ошириш назарда тутилган.

Халқаро ва республика аҳамиятига эга автомобиль йўллар сифатини ошириш, тегишли инфратузилмаларни барпо этиш мақсадида Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 661 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган 526 километр узунликдаги автомобиль йўллари, шунингдек, бир қатор кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилади.

Намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастури доирасида 326 та қишлоқ массивида 8510 та замонавий қишлоқ уйини қуришга 1,0 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Аҳолига, айниқса қишлоқ жойларида ичимлик сувини етказиб бериш сифатини яхшилаш учун харажатларни 2012 йил учун белгиланган параметрларга нисбатан 2 маротаба ошириш ҳисобига кейинги йилда 654 километр узунликдаги сув қувурлари тармоғини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилдики, умуман, марказлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 23 фоизга оширилиши ирригация иншоотлари реконструкциясини давом эттириш, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик сув билан таъминланганлигини, шунингдек, режадаги республика аҳоли пунктлари меъморий қиёфасини яхшилаш имконини беради.

Йиғилишда, шунингдек, 2013 йилда иш жойларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди. Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккала палатасидан депутатлар ва сенаторлар иштирок этди.

Дастур лойиҳасида 2013 йилда 973 мингта, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига – 485,5 мингта, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш ҳисобига – 218,4 мингта, йирик ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва қайта тиклаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳисобига – 268,8 мингта янги иш ўринларини яратиш назарда тутилмоқда. Ёшларни, энг аввало касб-ҳунар коллежлари 2012/2013 ўқув йили битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дастур лойҳасининг асосий йўналишлари ва кўрсаткичларини кўриб чиқиш давомида ҳокимият, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари эътибори янги иш ўринларини яратиш кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлигига, аҳоли бандлигини ошириш масалаларини амалий ҳал этишга ва шу асосда одамларнинг даромадларини, фаровонлигини ва ҳаёт сифатини янада оширишга қаратилди.

Муҳокама натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва 2013 йилда иш жойларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаларини маъқуллаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.


14 370