ЎзА Ўзбек

01.03.2018 19:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосарини қабул қилди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Байрам Аннамередовни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар изчил ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили март ойидаги Туркманистонга давлат ташрифи, шунингдек, икки мамлакат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтариб, уни сифат жиҳатдан янги амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларидаги кенг миқёсли ҳамкорлик истиқболлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

2017 йилда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177 миллион долларни ташкил қилди. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш кўрсаткичлари ҳам ошиб бормоқда.

Туркманобод – Фароб янги автомобиль ва темир йўл кўприкларининг ишга туширилиши ҳамда юкларнинг темир йўл транзитида ўзаро чегирмалар тақдим этилиши юк ташиш ҳажми ва икки мамлакат транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Чегараолди минтақалар ўртасидаги алоқалар, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик фаоллашяпти.

Давлатимиз раҳбари эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, навбатдаги олий даражадаги учрашувга пухта тайёргарлик кўришнинг самарали механизми сифатида Ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятига юксак баҳо берди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Б.Аннамередов Туркманистон томони кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки қардош давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.

ЎзА
12 571