ЎзА Ўзбек

15.05.2019 18:01 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Россиянинг «Лукойл» компанияси раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Россиянинг «Лукойл» компанияси раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни "Ўзбекистон нефть ва гази" халқаро кўргазмаси тадбирларида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизда бўлиб турган «Лукойл» компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, мамлакатимиз нефть-газ тармоғида етакчи бўлган ушбу Россия компанияси билан самарали ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида қайд этди.

Бугунги кунда "Лукойл" компанияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга киритган инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошади.

Ўтган йил апрель ойида ишга туширилган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси лойиҳада кўзда тутилган қувват билан ишлай бошлади. "Ҳовузак" ва "Шоди" конлари, шунингдек, Жануби-Ғарбий Ҳисор конлари ўзлаштирилмоқда.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, янги инвестиция дастур ва лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда «Лукойл» компаниясининг мамлакатимиздаги фаолиятини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Вагит Алекперов Президентимизга самимий қабул ва қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

"Лукойл" компанияси раҳбари Ўзбекистон билан нефть-газ тармоғида узоқ муддатли ва кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

ЎзА
3 427