ЎзА Ўзбек

02.03.2018 17:05 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Мангольд Консалтинг" компанияси бошқаруви раиси билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Мангольд Консалтинг" компанияси бошқаруви раиси билан учрашди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Тошкент халқаро аэропортида Германиянинг "Мангольд Консалтинг" компанияси бошқаруви раиси Клаус Мангольд билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда Германиянинг "МАН", "Клаас", "Лемкен", "Кнауф" каби ўз соҳасида етакчи бўлган концерн ва корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. "Сименс", "Бош", "Висманн", "Хумана" ва кўплаб бошқа компаниялар билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Германиядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этади.

Учрашувда Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

"Мангольд Консалтинг" компаниясига раислик қилиш билан бирга туризм соҳасида энг йирик компаниялардан бири бўлган "ТУИ груп" кузатув кенгашининг раҳбари саналадиган Клаус Мангольд Ўзбекистон Республикаси Президентига мулоқот қилиш имконияти ҳамда Германия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва таклифларига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли бизнес-шерикликдан ғоят манфаатдор эканини қайд этди.

ЎзА
10 902