ЎзА Ўзбек

25.10.2012 19:58 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ,

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари,

Ушбу саодатли кунларда Сизни ва Сиз орқали бутун Ўзбекистон халқини қутлуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини адо этаётган ҳожиларимиз номидан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз.

Истиқлол туфайли, Сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муқаддас ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган азиз аллома-авлиёларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, бой илмий мерослари ўрганилмоқда, қадамжолари халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилмокда. Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда, барча қулай шароитлар яратилган ҳолатда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.

Барчамиз учун чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайдиган бундай юксак марраларга эришишимизда ҳамда халқимиз қўлга киритаётган муваффақиятларнинг асоси сифатида энг аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, динлар ва миллатлараро тотувлик – бағрикенглик муҳитининг яратилганини, Парвардигорнинг Ўзи Сиз олиб бораётган эзгу ва хайрли ишларда ёру мададкор бўлаётганини барчамиз фахр билан чуқур ҳис қиламиз.

Биз ўзбекистонлик ҳожилар Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара сингари муқаддас манзилларда бўлиб, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Президент Жаноби Олийлари, фурсатдан фойдаланиб Яратгандан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз.

Ўзбекистон ҳожилари номидан муфтий Усмонхон Алимов

Макка шаҳри, Арафот водийси,
2012 йил 25 октябрь.


9 954