Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
2014 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди.
2014 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси И.Собиров олиб борди.
Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
Муҳокама жараёнида сенаторлар қайд этганларидек, амалга оширилаётган Концепцияда фуқаролик жамияти институтлари янада ривожланишини таъминлашга, уларнинг олиб борилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги ролини кучайтиришга муҳим аҳамият берилган. Кўриб чиқилаётган қонун ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ННТнинг давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаб бериши керак.
Мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик янгилашнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қонунда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари, чунончи аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ва бошқалар назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун ҳужжатида давлат органларининг ННТ билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, уларнинг жойлардаги ижтимоий муҳим муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш шакллари ва усуллари аниқлаштирилмоқда. Сенаторларнинг фикрича, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашда қонуннинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатларидан, ҳокимликлар тегишли бўлинмалари, адлия ва молия органлари, ННТ вакилларидан иборат тегишли жамоат комиссиялари тузилишини назарда тутувчи нормалари катта аҳамиятга эга.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий майдон яратишга, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, катта ижтимоий аҳамиятга молик ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1572-сонли қарорини рўёбга чиқариш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорини ижро этиш доирасида ишлаб чиқилган «Тижорат сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Сенаторлар ушбу қонун тижорат сири ҳимоя қилинишини ва ундан фойдаланишни, ахборотни тижорат сири тоифасига киритишни, уни тизимга солишни таъминлашга, бозор рақобати шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар.
Сенаторлар таъкидлаганларидек, қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат сири режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади ва у бир қатор янгиликларни ўз ичига олади.
Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратиш имконини беради, шунингдек, ахборот технологияларини, ишлаб чиқариш янгиликларини, ноу-хаулар ва инновацияларни янада ривожлантиришга рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади, бу эса пировардида иқтисодиётнинг янада ўсишига ва республикамизнинг равнақ топишига олиб келади. Сенаторлар қонунни маъқулладилар.
Сенаторлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ҳам кўриб чиқдилар.
Муҳокама жараёнида сенаторлар қонун биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётидан фойдаланиш учун шарт-шароит, шунингдек, мамлакатимиз биржа бозорининг жаҳон биржа бозорига интеграциялашуви учун механизмлар яратишини алоҳида кўрсатиб ўтдилар. Умуман, қонун хўжалик юритувчи субъектлар товар-хомашё ва молия биржаларида кенг иштирок этишини таъминлашга, молия секторини ривожлантиришга, бозор инфратузилмасининг сифатини оширишга, макроиқтисодий ўсиш суръатларини яхшилашга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Ушбу қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларни рўёбга чиқариш соҳасидаги қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ тайёрланган.
Қонун билан бир қатор қонунларга: «Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларга, Божхона кодексига, Жиноят-процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, бир қатор бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришга, Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларини кенгайтиришга, мустақиллигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ушбу қонун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулайроқ шароитлар яратиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган тузатишлар катта аҳамиятга эга. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурор назоратининг ҳолати ва уни янада кучайтириш чоралари тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар.
Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан қонун устунлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинганлиги кўрсатиб ўтилди.
Прокуратура органларининг алоҳида эътибори фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди.
Шу билан бирга, ғоят муҳим давлат дастурларини, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини, фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасидаги дастурларни рўёбга чиқаришга, улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳолларига йўл қўймасликка қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижро этилишини назорат қилишга муҳим эътибор берилди.
Прокуратура органларининг эътибори кўпроқ аҳоли бандлиги, ёшларни ва коллежлар ҳамда лицейларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратнинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитига эга бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқларига риоя этилишини самарали таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг суд томонидан ҳимоя қилинишга бўлган ҳуқуқларини амалда рўёбга чиқариш масалаларига ҳам қаратилди.
Ҳисобот даврида инсон манфаатларининг устуворлиги принципини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши бўйича қонунчилик талабларини бажариш прокуратуранинг доимий назоратида бўлиб келди.
Маърузада таъкидланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга қарамай, мансабдор шахслар фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инкор этиши ҳоллари мавжуд. Чунончи, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлар Қишлоқ ва сув хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ҳамда бошқа давлат органлари фаолиятида аниқланган.
Шу билан бирга, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида прокуратура органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва талабларини бевосита ижрочиларга етказиш, улар томонидан қонун ҳужжатларининг нормалари аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида анча ишлар қилинган.
Маърузада кўрсатиб ўтилганидек, жорий йилда давлатимиз раҳбарининг «Қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Бош прокуратура таркибида Қонун ҳужжатларининг ижро этилишини назорат қилиш бўйича бош бошқарма ташкил этилди. Бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлди.
Сенаторлар прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ва тавсияларни билдирдилар.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисобот йилидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 18 январдаги мажлисидаги маърузасида белгиланган, мамлакат банк тизимининг барқарор ривожланишини ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда унинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, макроиқтисодий мувозанатлиликни, иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш ҳамда диверсификациялашни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича дастурий вазифаларни ҳам бажаришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Ялпи мажлис қатнашчилари мамлакат банк тизимини изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб ислоҳ қилиш ҳисобот даврида банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базаси юқори суръатлар билан ўсишини таъминлаш, банкларнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда юқори халқаро кўрсаткичларга эришишга, иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш ҳажмлари ортишига имкон берганлигини таъкидладилар.
Мамлакат банк тизими капиталининг етарлилиги халқаро стандартларнинг энг кам кўрсаткичларидан уч баравар юқори даражада, унинг ликвидлилиги эса норматив талаблардан 2,2 баравар юқори даражада сақланиб қолмоқда. Банкларнинг активлари, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ҳисобот йилида 30 фоизга ўсди. Бунда инвестиция мақсадларига берилган кредитларнинг улуши 1,25 баравар кўпайди. Кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар ҳажми 7 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2012 йилдагига қараганда 1,3 баравар кўпдир. Шу жумладан, микрокредитлар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 1,4 триллион сўмни ташкил этди. Буларнинг барчаси мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам берди.
Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан банк тизимига бўлган ишончнинг тобора ўсиб бораётганлиги қайд этилди. Чунончи, тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми 2013 йил мобайнида 30,2 фоизга кўпайди. Натижада ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг барча банклари халқаро рейтинг агентликлари томонидан «барқарор» рейтинг баҳосига эга бўлган мустаҳкам банклар деб эътироф этилди.
Шу билан бирга, сенаторлар ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида қабул қилинган, иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлар билан ўсишини таъминлайдиган пул-кредит сиёсати стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ролини кучайтириш, фаолиятининг самарадорлигин янада ошириш, бунинг учун мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Халқаро нормалар, мезонлар ва стандартлардан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш йўли билан банк назорати тизимини такомиллаштиришга, банкларнинг инвестициявий фаолиятини оширишга, бунда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштиришга, иш ўринлари ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор бериш зарур.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан сенаторлар тегишли қарорлар қабул қилдилар.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати