ЎзА Ўзбек

29.11.2012 21:27 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган кун тартибига мувофиқ, мажлис “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек, солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошланди.

Ушбу қонун лойиҳаси 2013 йилги солиқ сиёсати концепциясига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Солиқ кодексига, шунингдек, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Бож тарифи тўғрисида”ги ва “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ялпи мажлис жараёнида депутатлар киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар 2013 йилги тасдиқланган солиқ сиёсати концепциясини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароит яратишга, ҳисоботларни қисқартириш ва уларни тақдим этиш тартибини соддалаштириш йўли билан тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун мумкин қадар қулай шароитлар вужудга келтиришга, шунингдек, қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини аниқлаштиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Хусусан, 2013 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Солиқ кодексининг айрим моддаларига солиқ қонунчилигини янада такомиллаштиришга, солиқ тўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Солиқ кодексининг 50-моддасига ва “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 125-моддасига юридик шахс хўжалик суди томонидан банкрот деб топилган тақдирда, тугатишга доир иш юритишнинг бутун даврида мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек, аввал ҳисобланган ва ундирилмаган тўловлар бўйича пеня ва жарималарни ҳисоблаш тўхтатиб турилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Солиқ кодексининг айрим моддалари ҳам ушбу фармонга мувофиқлаштирилмоқда. Чунончи, банклар томонидан мижозларнинг ҳисобрақамларига электрон масофадан хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган молиявий хизматларга тенглаштирилади, умумий белгиланган солиқларни тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар эса, акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмалар кавлаб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарни истисно этганда, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўловчилар тоифасидан чиқарилмоқда.

Солиқ кодексининг бир қатор моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатлари ўзгартилишини назарда тутади.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар солиқ юкини камайтиришга, шунингдек, айрим нормаларни бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва халқаро амалиётга мувофиқлаштиришга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар қайд этдиларки, кўриб чиқилган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши 2013 йилги тасдиқланган солиқ сиёсати концепциясини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитни яратади, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ҳисоботларни қисқартириш ва уларни тақдим этиш тартибини соддалаштириш йўли билан уларнинг фаолиятига мумкин қадар қулай шароитлар вужудга келтиради. Қонун ҳужжатларининг айрим нормалари бир хил маънода қўлланилишига олиб келади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва айрим моддаларга киритилаётган ўзгартишлар бюджет даромадларини кўпайтиришга ва давлат бюджети харажатларининг тўла ҳажмда молиялаштирилишини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга депутатлар таъкидладиларки, ҳисоботларни тақдим этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шароитлар мамлакатимизда бизнес муҳитини янада яхшилашга ёрдам беради.

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарларини ифодалаб, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун шарт-шароит яратишини таъкидлаб ўтдилар. Шуниси муҳимки, давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига шикоят берилган тақдирда, устидан шикоят қилинаётган қарор ёки ҳаракатнинг ижро этилиши, шу жумладан, қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа тўловларни ундириш тўхтатиб турилади. Депутатлар, шунингдек, таъкидладиларки, иқтисодиётнинг модернизация қилинишини рағбатлантириш ва солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш партиянинг дастурий вазифаларида назарда тутилган, шу сабабли мазкур қонуннинг қабул қилиниши фракция томонидан маъқулланди.

“Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишини маъқуллашларини таъкидлаб ўтдилар, чунки бу банклар томонидан мижозларнинг ҳисобварақларига электрон шаклда масофадан хизматлар кўрсатиш учун шароитларни яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини беради. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини маъқулладилар, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар партиянинг иқтисодий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган хизматларни ривожлантириш соҳасидаги мақсадларига тўла мос эканлигини қайд этдилар.

Қонунчилик палатаси ҳар томонлама муҳокамадан сўнг мазкур қонунни қабул қилди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига маъқуллаш учун юборилади.

Депутатлар, шунингдек, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши транспорт инфратузилмаси бозори айрим қатнашчиларининг бир жойга жамланиши ва монопол таъсирини сезиларли даражада пасайтириш имконини беришини ҳамда рақобат муҳитини яратиш имкониятига эга бўлган бозор соҳаси сифатида “транспорт терминаллари” хизматларини давлат томонидан тартибга солинадиган соҳалар рўйхатидан чиқаришни назарда тутишини таъкидлаб ўтдилар. Транспорт терминаллари бозорида устун мавқе элементлари ва алоҳида олинган хўжалик юритувчи субъектлар инсофсиз рақобатга йўл қўйган ҳолатлар аниқланган ҳолларда уларнинг фаолияти давлат томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тартибга солинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати


8 115