ЎзА Ўзбек

19.10.2012 21:59 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф қилган кун тартибини тасдиқлагандан кейин депутатлар “Ишбилармонлик муҳити янада тубдан яхшиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг мақсади – мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун янада мақбул шарт-шароитлар яратишдан иборат. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларига тузатишлар киритилмоқда. Хусусан, рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни бошлаш соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар (кредит ташкилотлари бундан мустасно) устав фондининг бир қисмини давлат рўйхатидан ўтказилишига қадар тўлаши лозимлиги тўғрисидаги талаб бекор қилинмоқда. Бунда устав фондини бир йил ичида шакллантириш мажбурияти сақлаб қолинади. Шартномавий муносабатлар ва шартнома талаблари бажарилиши учун жавобгарлик соҳасида акциядорлик жамиятларининг манфаатдорлик битимлари тўғрисидаги ва бошқа муҳим ахборотни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий сайтида жойлаштириш орқали чоп этиш назарда тутилади.

Қонун лойиҳаси тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноий жазони либераллаштиришга ҳам қаратилгандир. Хизмат кўрсатишдан, шу жумладан, улар бўйича хўжалик юритувчи субъектлар тадбиркорлик ва бошқа тижорат таваккалчиликлар муносабати билан ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган шартномаларга мувофиқ кредитлар беришдан иборат банк ва бошқа молия муассасалари ходимларининг ҳаракати жиноят ҳисобланмаслиги ҳақидаги норма киритилмоқда. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддасига ҳам ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда. Унда устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсларга нисбатан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари мазкур юридик шахснинг мансабдор шахси, мулкдори ёки ваколатли бошқарув органи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Батафсил муҳокамадан кейин депутатлар билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда мазкур қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, масъул қўмита зиммасига ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифасини юкладилар.

Шундан кейин депутатлар “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳасида “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги, “Фирма номлари тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига тузатишлар киритиш таклиф қилинган. Ушбу тузатишлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни чеклашга қаратилган.

Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга (янги таҳрирда) мувофиқ, тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек, тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт эканлиги тўғрисидаги норма киритилмоқда. Бундан ташқари, “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – тадбиркорлик фаолияти субъектлари номларида фирма белгиларидан фойдаланишда турлича талқинларнинг олдини олишдан иборат. Тадбиркорлик субъектларининг илгари рўйхатдан ўтказилган номларга ўхшаш бўлган номлари рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.

Ҳар томонлама муҳокамадан кейин депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, масъул қўмитага ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифасини топширдилар.

Қонун лойиҳаларининг муҳокамаси вақтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари савол ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ўз партия дастурлари ва сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда мулоҳаза билдирдилар. Депутатлар кўриб чиқилган қонун лойиҳалари мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити янада тубдан яхшиланиши ва тадбиркорлик бундан буён ҳам ривожлантирилиши учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати


9 887