ЎзА Ўзбек

08.11.2012 23:11 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган кун тартибига мувофиқ, ялпи мажлис иши “Микромолиялаш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан бошланди. Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мажлисда депутатлар таъкидладиларки, қонун лойиҳаси микромолиялаш бозорини ва микрокредит ташкилотлари тизимини янада ривожлантиришга, халқаро принциплар ва андозаларга мувофиқ тартибга солиш ва назорат қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этишга қаратилган.

Мажлис давомида янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида таъкидландики, кўриб чиқилаётган ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва принципларини белгилаб беради, нафақат транспорт воситаларининг, балки автомобиль йўлларининг ҳам техник ҳолати ва жиҳозланишига қўйиладиган талабларни аниқлаштиради. Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг Қонунчилик палатаси ушбу қонунни қабул қилди.

Сўнгра депутатлар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Депутатларнинг фикрича, тезкор-қидирув фаолиятининг принциплари ва шаклларини, қонунийликка риоя этишнинг ҳуқуқий кафолатларини алоҳида базавий қонунда мустаҳкамлаб қўйиш, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган мавжуд нормаларни тизимлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга кўмаклашиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш имконини беради. Қайд этиб ўтилганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши суриштирув ва дастлабки тергов сифатини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга ўз вақтида тўсиқ қўйиш борасидаги ишларни янада самарали олиб бориш имкониятини яратади. Қонунчилик палатаси мазкур қонунни қабул қилди.

Кун тартибининг навбатдаги масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ишбилармонлик муҳити янада тубдан яхшиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишдан иборат бўлди. Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари мазкур қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга, жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини либераллаштиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Депутатлар “Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Ушбу қонун лойиҳаси хусусий мулкка асосланган хусусий банклар ва молия институтларини ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантиришга, банк ва бошқа молия хизматлари бозорида рақобатни кенгайтириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга қаратилгандир. Қонунчилик палатаси ушбу қонунни ҳам қабул қилди.

Шунингдек, мажлисда бозор муносабатларини янада такомиллаштиришни, тадбиркорлик фаолияти кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Мажлисда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг депутатлари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар партияларининг дастурларини ва сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ўз нуқтаи назарларини баён қилдилар.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатларнинг фикрига кўра, ушбу қонун лойиҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишнинг асосий жиҳатларига эътибор қаратилганлиги тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш имконини беради, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратади, шунингдек, рухсат бериш тартиб-таомиллари билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлигини таъминлайди.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам ўз нуқтаи назарларини билдириб, қайд этдиларки, қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг меҳнатда банд бўлмаган қисмини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш ва янги иш ўринларини яратишдан иборат муҳим жараённинг амалга оширилишига кўмаклашади, бу эса фракциянинг манфаатларига тўла мосдир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатларининг фикрига кўра, қонуннинг қабул қилиниши рухсат бериш тизимини бозор иқтисодиёти принципларига мувофиқлаштириш имкониятини берадиган қонунчилик базасини яратади, бу эса ўз навбатида бошқарув тизимини такомиллаштиришга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда бюрократик тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашади ва шуниси муҳимки, рухсат этиш хусусиятидаги ҳужжатларни беришда “бир дарча” принципи жорий этилишини назарда тутади.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ўз нуқтаи назарларини ифодалаб таъкидладиларки, ушбу қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқарув ҳаракатларининг тўла очиқ-ойдинлигини таъминлаш имкониятини беради. Жумладан, рухсат бериш тартиб-таомиллари соҳасида бошқарув органлари рухсатномалар бериш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхатини белгилайди, рухсатномалар бериш муддатларини аниқлайди, рухсат этиш хусусиятидаги берилган ҳужжатлар реестрини юритади ва уларни веб-сайтларида жойлаштиради. Улар тадбиркорлик субъектларининг оғзаки ёки ёзма сўровига кўра рухсат бериш тартиб-таомилларига доир масалалар юзасидан текинга тўлиқ ахборот ва малакали маслаҳатлар (тушунтиришлар) беради.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари ҳам ўз нуқтаи назарларини билдириб, қонун лойиҳасида баён қилинган нормалар тадбиркорлик субъектларининг табиатдан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлашга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Қонунчилик палатаси ҳар томонлама муҳокамадан сўнг ушбу қонунни қабул қилди.

Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати


9 126