ЎзА Ўзбек

02.11.2012 22:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар “Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мажлис жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқроқ амалга оширишга, мамлакатимизда сайлов тизимини янада демократлаштиришга, сайловолди ташвиқотини ўтказиш пайтида депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлашга, шунингдек, депутатлар сайловининг очиқлиги ва шаффофлиги принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Қонунчилик палатаси атрофлича муҳокамадан сўнг мазкур қонунни қабул қилди. Қонун бундан кейинги кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

“Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи айрим қонун ҳужжатларини “Рақобат тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Тузатишлар “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Фуқаролик кодексларининг, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тайёрланган. Депутатлар фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши оилавий корхоналарнинг барқарор ишлаши учун қулай шарт-шароитни таъминлайди ҳамда оилавий корхоналарда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш учун пухта қонунчилик базасини яратади.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 356-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Унда микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган базани сифатли бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтириш назарда тутилган.

Таъкидландики, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимиз ҳудудига қонунга хилоф равишда кириб келганлик, шунингдек, қонунга хилоф равишда чет элга чиққанлик учун муайян тоифадаги шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган барча қонун лойиҳалари моддама-модда кўриб чиқиш тартиб-таомилидан ўтказилди.

Депутатлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Парламентарийлар фикрича, қонун лойиҳаси иқтисодиёт асосларига қарши қаратилган ҳамда давлатга жиддий зарар етказмаган хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар бўйича судланганликни олиб ташлаш муддатларини ўртача 2 марта қисқартиришни, бевосита жабрланган тарафнинг даъволари бўлмаган тақдирда иқтисодий жиноятлар бўйича жиноят ишларини тугатиш ва судланганликни олиб ташлашни, шунингдек, иқтисодий зарар даражасини белгилаш мезонлари ва жиноий хатти-ҳаракатлар бўйича унинг миқдори оширилишини назарда тутади.

Депутатлар муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда мазкур қонун лойиҳасининг концепциясини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширдилар.

Мажлисда кўриб чиқилиб қабул қилинган янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш, халқаро ва миллий қонун ижодкорлиги фаолияти тажрибасини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишнинг самарали механизмларини яратиш ва ушбу ҳужжатлар сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ижтимоий муносабатларни, шу жумладан тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан ишончли ва мукаммал тартибга солиш аҳолининг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашини таъкидладилар.

Ушбу қонундаги, агар қонун хатти-ҳаракатлар содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлигини белгилашни ёки кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик шахсларга моддий зарар келтирса, қонун орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида тадбиркорларнинг фаолияти учун ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш борасидаги талаблар, шу жумладан қонун ҳужжатларининг ҳолатини, қўлланилиш амалиётини, жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани дастлабки тарзда ўрганиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича турли экспертизалар ўтказиш, тайёрланаётган лойиҳаларнинг сифатини ошириш, энг асосийси, аҳоли кенг қатламларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олишни таъминлаш имконини беради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари қабул қилинган қонун мамлакатимизда қонун ижодкорлиги соҳасидаги муносабатларнинг бугунги кундаги ривожланиш даражасига тўлиқ мос келишини, сўнгги йиллар тажрибасини акс эттиришини ҳамда халқимизнинг миллий ҳуқуқий қадриятлари ва ютуқларига мос эканлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар қабул қилинган қонундаги қоидаларнинг изчил амалга оширилишини ёқладилар. Улар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этувчи ва таъминловчи органларнинг ваколатлари ушбу қонунда алоҳида боб билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги қонун устуворлигини таъминлашга, ижтимоий адолат принципларини янада тўлароқ амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари таъкидладиларки, ушбу қонун қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини яхшилаш ва уларнинг оғишмай ижро этилиши учун ишончли асос бўлиб хизмат қилади. Қонуннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси турли экспертизалардан, шу жумладан экологик экспертизадан ўтказилиши ҳақидаги қоида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳисобга олишни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Қонунчилик палатаси ҳар томонлама муҳокама чоғида келиб тушган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда мазкур қонунни қабул қилди, у маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати


10 026