ЎзА Ўзбек

12.11.2012 18:42 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси ҳақида ахборот

2012 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисини шу йил 5-6 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига аҳоли турмуш даражасини янада оширишни ва уни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришни, иқтисодиёт юқори ва барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджетини, шунингдек, 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини киритиш режалаштирилмоқда.

Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳамма соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ҳамда либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонунлар киритилади. Булар жумласига “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун, янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун, “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳамда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган, тадбиркорлик фаолиятини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашни ва ривожлантиришни, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришни, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни назарда тутадиган бошқа бир қатор қонунлар киради.

Шу билан бирга навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатларига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девонининг ўнинчи ялпи мажлисни тайёрлаш ва ўтказиш борасидаги ишини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати


7 520