Партияларнинг Пленумлари бўлиб ўтмоқда
2016 йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.
2016 йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.Йиғилиш қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Пленумда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг иштироки, Президентликка партиядан номзод кўрсатиш ҳамда партиянинг навбатдаги Съездини чақиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг уставида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда Пленумда партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод кўрсатиш таклифи кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Сарвар Саъдуллаевич Отамуратов номзодини қўллаб-қувватлади.
Сайлов қонунчилигига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига партия томонидан номзод кўрсатиш партиянинг олий органи – Съезди томонидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб, Пленумда жорий йил 15 октябрь куни партиянинг навбатдаги V Съездини чақириш ва бу масалани Съезд муҳокамасига қўйишга келишиб олинди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга асосан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат олиш учун партия томонидан тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясига такдим этилади.
* * *
Шу йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг Пленуми бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирди.
Мажлисда 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда партиянинг фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди.
Мажлис иштирокчилари мазкур сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг номзоди ҳақидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, партиянинг навбатдаги VIII Съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш таклифи якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24²-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, мажлис қатнашчилари томонидан партиянинг навбатдаги Съездини 2016 йил 14 октябрда ўтказишга келишиб олинди.
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, жойларда ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик борасида партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.