ЎзА Ўзбек

25.12.2018 19:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилдаги сиёсий одимлари

Ўзбекистон Президентининг 2018 йилдаги сиёсий одимлари
Ўзбекистон янги имконият ва ташаббуслар мамлакатига айланган. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал суръатдаги ислоҳотлар самарадорлиги халқаро сиёсий давраларда ҳам эътироф этилмоқда. Нуктадон сиёсатчилар, халқаро экспертлар Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар Ўзбекистон имижини яхшиламоқда ва давлат учун жуда зарур бўлган инвестицияларни жалб қилаяпти, деган фикрда. 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқлари ислоҳ қилинди, йирик корхоналар очилди. Пировардида, иқтисодий ўсиш, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт ва экспортни диверсификация қилиш каби аниқ мақсадларга эришилмоқда. Валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистоннинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш сиёсати ҳақида гапирганда, аввало, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда хорижга, бошқа мамлакат етакчиларининг юртимизга расмий ва давлат ташрифлари натижадорлигини эслаш ўринли. 

Давлатимиз раҳбари 2018 йилги давлат ташрифини 9-10 март кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан ушбу мамлакатдан бошлади. 

Ташриф доирасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. 

Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олинди. 

Президентимиз таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. 

Давлат раҳбарлари 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди. 

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. 

Икки томонлама ҳамкорликни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида янада мустаҳкамлашга ва ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга доир 17 ҳужжат имзоланди. 

Президентимиз таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. 

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан ҳисобланиб, Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринда туради. 

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 400 миллион долларлик товар айирбошланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоиз ўсиш демакдир. 

Ташриф доирасида яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Давлатимиз раҳбари Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан расмий ташриф билан 15 май куни ушбу мамлакатда бўлди. 

Ташриф доирасида энергетика, икки томонлама савдо муносабатларини кенгайтириш, олий таълим ва академик тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича аҳдлашув протоколлари қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда 2018 йилда Тошкентда Марказий Осиё савдо форумини ўтказишда ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумлари имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан АҚШ Экспорт-импорт банки ўртасида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида меморандум қабул қилинди. 

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаяётгани таъкидланди. Куни кеча икки мамлакат компаниялари ўртасида қарийб 4,8 миллиард долларлик янги шартномалар имзолангани юқори баҳоланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан 17 август куни мамлакатимизга келди. 

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айланмаси жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми 35,1 фоиз ортди. 2018 йилда қиймати 300 миллион доллардан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. 

Президентимиз ўзаро савдо айланмаси мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмаслиги, товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш учун фойдаланилмаган улкан захиралар мавжудлигини таъкидлади. 

Мазкур ташриф доирасида пойтахтимизда ўтказилган қўшма бизнес-форумда қиймати 103 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди. 

Миср Президенти 5 сентябрь куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. 

Мамлакатларимиз ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида ёшлар, спорт, инвестиция, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандумлари, таълим, туризм, археология, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга доир битимлар, икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Шунингдек, ҳукуматлар ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари бўйича икки ёқлама солиққа тортишни бартараф этиш ҳамда солиқларни тўлашдан бош тортиш ва бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисида битим сингари жами 12 та ҳужжат имзоланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Ташриф доирасида 19 ҳужжат, жумладан, ўзаро савдога кўмаклашиш тизими, саноат мулкини муҳофаза қилиш, божхона ишларида ўзаро ёрдам тўғрисида, фан ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, олий таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битим ва шартномалар имзоланди. 

Улар орасида 2019-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро шартнома ва уни амалга ошириш дастури алоҳида аҳамиятга эга. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Президентимиз ташрифи арафасида ўтказилган икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. 

Автомобиль транспортида халқаро йўловчи ва юк ташиш, туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Франция тараққиёт агентлиги билан 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш тўғрисида аҳдлашув битими имзоланди. 

Шунингдек, 2019-2020 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Франция экология, барқарор тараққиёт ва энергетика вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасида ҳамкорлик, икки мамлакат ички ишлар, маданият вазирликлари, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми каби ҳукуматлараро ва идоралараро жами 10 та ҳужжат қабул қилинди. 

Франциянинг “Эйрбас”, “Тоталь”, “Винчи”, “Орано”, “Тоталь Эрен”, “Веолия”, “Фивс Штейн”, “Буиг”, “Ранжис” ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 19 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. 

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Ташриф асносида жами 20 та ҳужжат имзоланди. 

Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шеригидир. Мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо тартиби амал қилмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиз ўсган. 

Сентябрь ойида ҳукумат раҳбарлари раислигида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтказилди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Россиянинг етакчи компания ва банклари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Давлат раҳбарлари ташриф доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланганини мамнуният билан қайд этди. 

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга. 



Улуғбек Асроров, ЎзА
4 464