ЎзА Ўзбек

13.07.2018 21:14 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Жорий йилда ушбу нуфузли халқаро молиявий институт раҳбарияти билан ўтказилган қатор самарали учрашувлар, жумладан, май ойида банк президенти Жим Ёнг Ким билан Вашингтонда, январь ойида бош бошқарувчи директор Кристалина Георгиева билан Тошкентдаги учрашувлар алоқаларни фаоллаштириш ва ўзаро муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш, шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг Жаҳон банки билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик портфели умумий қиймати 4,4 миллиард долларлик имтиёзли молиялаштириш эвазига амалга оширилган ва оширилаётган 39 та лойиҳани ўз ичига олади.

Улар энергетика, транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, илғор ва энергетик жиҳатдан самарали технологияларни жорий этиш, агросаноат комплексини жадал ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини такомиллаштириш каби кўплаб устувор соҳаларни қамраб олади.

Ҳозирги вақтда 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Шериклик дастури доирасида 20 дан зиёд янги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, банкнинг етакчи экспертлари Ўзбекистон солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этди. Қўшма Иқтисодий кенгашни шакллантириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, "Йўл харитаси"ни тайёрлаш, миллий кадрлар малакасини ошириш асосида сармоявий лойиҳаларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, фуқаролик авиацияси ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларида, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида салмоқли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Сирил Мюллер давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Кимнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимиз ва бутун минтақанинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида банк Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр экани яна бир бор қайд этилди.

ЎзА
6 518