ЎзА Ўзбек

04.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раисини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғлини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан таъкидлади.

2017 йилнинг кузида Туркияда ва 2018 йилнинг баҳорида Ўзбекистонда давлат ташрифлари доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар конструктив сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда Рифат Ҳисоржиқли ўғли самимий қабул учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Кейинги йилларда 750 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилгани, шунингдек, ўзаро савдо ҳажми икки баробар ортгани Туркия бизнесининг Ўзбекистон бозорига киришдан манфаатдорлиги ортиб, ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Рифат Ҳисоржиқли ўғли Туркия ишбилармон доиралари вакиллари – Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи аъзолари устувор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр экани ҳамда бу масалаларни ўзбекистонлик шериклар билан Тошкентда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатларнинг Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форумида муҳокама қилишни режалаштирганини таъкидлади.

Учрашув сўнггида меҳмон Ўзбекистон – Туркия дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида қатъий эканини таъкидлади.

5 422
ЎзА